Чигиртка ва тут зараркунандасига қарши кураш ишлари амалга оширилмоқда

Чигиртка ва тут зараркунандасига қарши кураш ишларини амалга оширишда кузги «раскопка» – қазиб кўриш ишлари муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Мазкур тадбирнинг асосий мақсади — чигиртка, тут парвонаси ҳамда бошқа карантин аҳамиятига эга зараркунандаларнинг қишлаб қолиш босқичларини аниқлаш, уларнинг тарқалиш ҳудудларини белгилаш ва келгуси вегетация мавсумида самарали кураш чораларини режалаштиришдан иборат.
Кузги қазиш жараёнида тупроқнинг турли чуқурликларидан намуна олиниб, ундаги зараркунандалар тухумлари, гўмбаклари, личинкалари ёки бошқа ривожланиш босқичлари махсус лаборатория шароитида ўрганилади. Ушбу мониторинг натижалари асосида чигиртка популяциясининг келгуси йилдаги хавф даражаси, тут парвонаси ва бошқа зарарли ҳашаротларнинг тарқалиш эҳтимоли бўйича аниқ прогнозлар шакллантирилади.
Раскопка ишлари Қорақалпоғистон Республикасининг барча чигиртка тарқалиши хавфи мавжуд ҳудудларида босқичма-босқич олиб борилди. Аниқланган маълумотлар кейинчалик баҳорги кимёвий ва агротехник ишловларни режалаштириш, зараркунандаларнинг кенг тарқалишининг олдини олиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини сақлаб қолиш учун муҳим аҳамиятга эга.

Кузги қазиб кўриш ишлари нафақат зараркунандалар популяциясини баҳолашда, балки келгуси йилги чигиртка ва тут парвонаси хавфини минимал даражага туширишда ҳам муҳим босқич ҳисобланади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги