Баланд ҳилпирайвер менинг байроғим!

43

Бугун Нукус шаҳри марказида ўрнатилган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари ёнида «Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган кун муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, халқимизни байрам муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклади.

Таъкидланганидек, юртимиз байроғи эзгулик, донишмандлик, поклик, садоқат, гўзаллик, тинчлик, янгиланиш каби туйғуларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Шундай экан, юртимиз байроғини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни улуғлаш ва юксакларга кўтариш – ҳар биримиз учун она Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиздир.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз байроғи остида халқимиз ҳаётида, инсонларнинг маънавий оламида улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бермоқда. Бунда, Президентимизнинг ғоялари, бошлаб берган эзгу ишлари, белгилаб берган муҳим вазифалари ҳаётимизда алоҳида ўрин эгаллайди. Бугунги кунда фаровон ҳаётимизни таъминлаш йўлида юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Қорақалпоғистон учун ҳам чин маънода ривожланишлар, янгиланишлар даври сифатида катта эътибор қаратилаётгани бунинг яққол мисоли бўла олади.

Тантанали тадбирда ана шу эзгу ишлар алоҳида эътироф этилди.

– Бугун юртимизда катта байрам. Институтимиздаги профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар билан эрта тонгдан пойтахтимиз марказидаги байроғимиз ҳилпираб турган майдонга кўтаринки кайфиятда йиғилдик. Ҳозир ҳаммамизнинг кайфиятимиз чоғ. Байроғимиз халқаро майдонларда, расмий делегацияларнинг хорижий давлатларга ташрифлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида баланд ҳилпирамоқда ва бизга катта куч-ғайрат бағишламоқда, – дейди Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти тютори А.Қурбонова.

Байроқ ўзида бутун Ўзбекистон халқининг азалий орзу-интилишлари, иродаси, халқимизга хос меҳмондўстликни акс эттирган. Давлат байроғининг давлат муассасалари ва ташкилотлари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлардаги элчихона ва доимий ваколатхоналар олдида ҳилпираб туриши, турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз вакиллари иштирок этаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, спорт мусобақаларида Ватанимиз шон-шарафи, халқимиз ғурур-ифтихорини ёрқин акс эттириб, қалбларни тўлқинлантиради.

Давлат рамзлари доимо муқаддас ва улуғвор бўлиб, у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган ватан рамзидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи мамлакатимиз ҳудудида қадимдан мавжуд бўлган давлатлар билан тарихий алоқани ифодалайди ва республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассам этади.

Юқори савияда ташкил этилган тадбир санъат намояндаларининг концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги