Давлат рамзларига ҳурмат болаликдан бошланади

52

Бугун Нукус шаҳридаги 55-сонли умумтаълим мактабида «Келажак соати» доирасида «Ўзбекистон байроғи» мавзусига бағишланган маънавий-маърифий дарс ташкил этилди.

Дарс жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Гулистон Кожабаева, вазир ўринбосари Қодирбой Исмоилов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг катта ёрдамчиси Бекет Агитаев ўқувчиларга давлат байроғининг давлат рамзи сифатидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи халқимизнинг кўп асрлик тарихи, бой маънавий мероси ва миллий ўзлигимизни мужассам этадиган муҳим тимсол экани таъкидланди. Шунингдек, байроқ мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги муносиб ўрнини белгилайдиган рамз сифатида алоҳида таъкидланди.

Бундан ташқари, 20 ноябрь – «Жаҳон болалар куни» муносабати билан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция тамойиллари ва унинг глобал ривожланиш мақсадлари билан боғлиқлиги бўйича ҳам ўқувчиларга кўплаб маълумотлар етказилди.

Давлат рамзларига ҳурмат, Ватанга садоқат туйғуларини кучайтириш, шунингдек, бола ҳуқуқларини ҳурмат қилишга оид билим ва тушунчаларни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу маърифий дарс барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси