Эрк йўлида курашган аллома ҳақидаги фильм тақдимоти

38

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида яқинда ўтказилган Турк дунёси ҳужжатли фильмлар фестивалида совринли ўринга лойиқ кўрилган “Туркистон қайғуси” фильмининг тақдимоти ўтказилди.

Фильм буюк аллома Алихонтўра Соғунийнинг шарафли ҳаёт йўлига бағишлангани билан аҳамиятли.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этилган ушбу тақдимот тадбирига медиа соҳаси вакиллари, олимлар, ижодкорлар таклиф этилди.

Тадбирда миллат тақдири, унинг ҳурлиги ва озодлигига умрини бағишлаган фидойи боболаримиз номи тарихда мангу қолиши, уларнинг эзгу ишлари, табаррук ғоялари халқимиз қалбида мудом барҳаёт яшаб қолажаги алоҳида эътироф этилди.

Тақдимот тадбирида моҳир ижодкор, муаллиф, таниқли тележурналист Рўзибой Қўлдошев ҳамда фильм режиссёри Шарофиддин Тожибоев ушбу тарихий мавзудаги ҳужжатли картинани яратишда улкан масъулият билан ёндашганлари алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, ҳар бир халқнинг дунё аҳлига фахрланиб кўрсатишга арзигулик фарзандлари бўлади. Бу борада турк дунёси ҳақли равишда ўзини бахтиёр санаса арзийди. Туркий дунёда етишиб чиққан ҳамда турли халқлар ҳурматини қозонган алломаларимизнинг ибратли фаолияти фикримизнинг ёрқин далили.

Ана шундай зотлардан бири XX асрнинг етук шахслари қаторидан ўрин олган маърифатпарвар бобомиз, қомусий билимлар соҳиби, давлат ва жамоат арбоби, ўзбек маршали Алихонтўра Соғунийдир.

Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғуний 1885 йилда Туркистоннинг қадимий гўшаларидан бири – Боласоғунда туғилган эди. (Ҳозир бу ҳудуд Қирғизистонда жойлашган Тўқмоқ шаҳри.) Асли ота-боболари андижонлик бўлган бу оиланинг фарзандлари илм-маърифат билан шуғулланган.

Маълумотларга кўра, Алихонтўра Соғуний мустамлакачи маъмуриятнинг ерли аҳолини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққани учун подшо махфий полицияси таъқибида бўлди. 1916 йилги қўзғолон шафқатсизларча бостирилгач, сиёсий муҳожир бўлиб Қашқар (Хитой)га кетди, кейин Шарқий Туркистон (Ғулжа шаҳри)га борди.

Омма орасида ҳуррият ғояларини тарғиб қилгани сабабли 1937 йили Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. 1941 йил адлиявий тафтиш натижасида озод қилинди. 1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Алихонтўра Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланди. Миллий қўшин ташаббускори бўлди ва унга қўмондон этиб тайинланди. 1946 йил июнда шўро айғоқчилари томонидан махфий равишда тазйиқ билан Ғулжадан олиб чиқиб кетилган. Алихонтўра  умрининг охиригача Тошкентда, уй қамоғида яшади. Ҳар қадами назорат остида бўлишига қарамай, ярим кечалари, ухламасдан асарлар ёзди. Натижада  бугун ҳам ноёб асар бўлиб қолган «Туркистон қайғуси», «Тарихи Муҳаммадий» асарлари дунёга келди.

Бундан ташқари, улуғ аллома Аҳмад Донишнинг «Наводир-ул вақоэ», Дарвиш Али Чангийнинг «Мусиқа рисоласи», шунингдек «Темур тузуклари» каби асарларни таржима қилди. Алихонтўранинг «Девони Соғуний» шеърий тўплами, «Тарихи Муҳаммадий», «Шифо ул-илал» («Хасталиклар давоси») ва бошқа асарлари китобхонлар орасида машҳур. Алихонтўра тарихий меъморлик обидалари ва қадимий қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилган. Умрининг катта қисмини Шарқий Туркистонда миллий-озодлик ҳаракатини бошқариш ишига сарфлади, Туркистон қайғуси ва миллат дарди билан яшади.

Алихонтўра Соғунийнинг Туркистон қайғуси йўлидаги фаолиятига фильмда алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Алихонтўра Соғуний турк дунёсида ягона маршал ҳарбий унвонига сазовор бўлган зот.

Ҳужжатли фильм алломанинг шу жиҳатларини олимлар, унинг фарзандларининг ҳаётий ҳикоялари воситасида очиб бергани билан диққатга сазовор. 148 та ҳужжатли фильм тақдим этилган фестивалда “Туркистон қайғуси” фильми муаллифи Рўзибой Қўлдошев «Турк дунёси махсус мукофоти»га сазовор бўлганди.

Айтиш керакки, бу йил бўлиб ўтган «Турк дунёси ҳужжатли фильмлар» фестивалида ғолиб бўлган кинокартиналар тақдимоти ҳар бир Туркий давлатда бўлиб  ўтмоқда. Жумладан, Озарбайжон, Қирғизистон, Македония ва Қозоғистон Республикаларида ўтказилди. Эндиликда эса фестивалнинг «Турк дунёси махсус мукофоти» билан тақдирланган «Туркистон қайғуси» ҳужжатли фильмининг тақдимоти энди Тошкентда ҳам ўтказилди.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган тақдимот тадбирида фильм ижодкорларига Турк дунёси Журналистлар федерацияси раиси Мендерес Демир томонидан “Турк дунёси махсус мукофоти” топширилди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири