Давлат байроғи – мустақиллик рамзи

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг «Давлат байроғи тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган кун. Шу сана муносабати билан Қорақалпоғистон тиббиёт институтида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давлат мадҳиялари билан бошланди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, институт профессор-ўқитувчилари, тюторлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим прокурори Е.Адилов, институтнинг Ўзбек тили, тиллар ва ижтимоий фанлар кафедраси доценти Т.Пирниязова, Ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Ажиевлар сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини байрам билан самимий табриклади. Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, 1991 йилнинг 18 ноябрь куни тасдиқланган давлат байроғи – мустақиллигимиз, миллий қадриятларимиз ва халқимизнинг эзгу интилишларининг ёрқин тимсолидир.

Бугун Ўзбекистон байроғи халқаро майдонларда, дипломатик ваколатхоналарда ва нуфузли мусобақаларда ҳилпираб, Ватанимиз шарафи ва халқимиз ғурурини ифода этиб келмоқда. Давлат рамзлари – ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимизнинг муқаддас тимсоли.
Тантанали кечада талаба-ёшлар ҳам сўзга чиқиб, давлат байроғи бўйича ўзларининг илиқ фикрларини билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги