Халқаро логопедлар куни катта кўтаринкилик билан нишонланди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Мактабгача ва бошланғич таълим факультетида 14 ноябрь – Халқаро логопедлар куни муносабати билан байрам тадбири ва талаба-ёшлар томонидан тайёрланган кўргазма бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар логопедлар нафақат нутқдаги камчиликларни бартараф этадиган мутахассислар, балки боланинг психологик ҳолатини қўллаб-қувватлайдиган, ўзига бўлган ишончини шакллантирадиган ва ўқув жараёнидаги муваффақиятларида муҳим ўринга эга бўлган педагоглар эканини таъкидлади.
Кеча доирасида махсус педагогика: логопедия таълим йўналиши талабалари ўртасида инновацион таълим технологиялари, китобхонликни тарғиб қилиш, шунингдек, ўқитиш жараёнида замонавий кўргазмали воситалардан фойдаланиш каби шартлар асосида танлов ташкил этилди. Бу эса талабаларнинг дарс давомидаги назарий билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

– Таъкидлаш жоизки, ушбу байрам болалар нутқини ривожлантириш, таълим ва ижтимоий реабилитация соҳасида фидокорона хизмат қилаётган логопед мутахассислар меҳнатини қадрлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини оширишга хизмат қилади, – дейди НДПИ ассистент ўқитувчиси Азизбек Тажимуратов. – Бўлажак логопедлар учун бугунги тадбир катта мастер-класс бўлди. Сабаби, институтимизнинг Мактабгача тарбия ва дефектология кафедраси томонидан тажрибали мутахассислар, профессор-ўқитувчилар иштироки таъминланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги