Хитой ҳарбий кучларини жадал мустаҳкамламоқда

34

“Ynet” нашри ёзишича, Ҳинд-Тинч океани минтақасида янги совуқ уруш кучаймоқда. Хусусан, Хитой ҳарбий салоҳиятини ошириш мақсадида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда энг кучли саъй-ҳаракат бошлагани айтиляпти. Чин давлати армияни такомиллаштирмоқда, жумладан ракета ва ядро имкониятини жуда тез кенгайтирмоқда. АҚШ ҳисоб-китобига кўра, Пекин 2027 йилга келиб Тайванни ҳарбий нуқтаи назардан эгаллаб олишга тайёр туришни хоҳлайди.

ХХР Раиси Си Цзиньпин Халқ озодлик армиясини ислоҳ қиляпти, коррупцияга қарши ўта кескин кураш олиб боряпти, денгиз флоти, ҳаво ва ракета кучлари такомили учун рекорд миқдорда маблағ сарфлаяпти. Мамлакат янги баллистик ракеталар, учинчи маҳаллий авиа ташувчи воситаларни намойиш этиб, қурол-аслаҳа захирасини аввалгидан анча тез кенгайтириш орқали ядровий “учликни” кучайтирмоқда.

Си Цзиньпин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасидаги “дипломатик табассумлар”га қарамай, кескинлик кучаймоқда. Вашингтон ядровий синовни қайта бошлашини эълон қилди, минтақадаги АҚШ иттифоқчилари Хитойнинг қайта қуролланиши кўламидан хавотирга тушган. Мутахассислар Пекин Украинадаги уруш тажрибасини фаол равишда ўрганаётгани, кучли ракета зарбалари берилиши, можаро юзага келган тақдирда Тайвань қамал қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Шу билан бирга Хитой қўшниларга ҳам босимни кучайтиряпти. Жанубий Хитой денгизида низо авж оляпти, Япония билан кескинлик ортмоқда, Тайвань атрофидаги ҳарбий машқ тобора кенг кўлам касб этмоқда.

Таҳлилчилар таъкидлашича, Пекин Қўшма Штатлар билан технологик ва ҳарбий тафовутни тезда йўққа чиқаради. Минтақа олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолатга яқинлашмоқда, совуқ қарама-қаршилик очиқ тус олиши хавфи ошмоқда.

С.Раҳимов, ЎзА