“Made in Central Asia” бренди тарғиб этилмоқда
50
Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон Савдо ва инвестициялар бўйича вазирлар кенгаши биринчи йиғилишида мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов таъкидлашича, мазкур тадбир мамлакатларимиз ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий мулоқотни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Хусусан, иштирокчилар ўзаро товар айирбошлаш миқдорини 20 миллиард долларга етказиш, “Made in Central Asia” бренди остида маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда халқаро инвестиция жалб этиш чораларини муҳокама қилди.
Маълумотга кўра, жорий йил 9 ойида Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари ва Озарбайжон билан товар айирбошлаш ҳажми 10 фоиз ошиб, 5,5 миллиард долларга етган.
Томонлар транспорт-логистика, энергетика ва саноат соҳасида шерикликни фаоллаштириш, божхона тартиб-таомилини соддалаштириш, ишлаб чиқариш занжирини бирлаштирувчи саноат хаблари яратишга келишиб олдилар.
Йиғилиш якунида Ҳамкорлик ва инвестициявий шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма коммюнике имзоланди.
М.Пирматова, ЎзА