Бельгия Ўзбекистонда элчихона очади

60

Бельгия Ўзбекистонда элчихона очиш орқали Марказий Осиёдаги дипломатик алоқаларни кенгайтириш ниятини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Максим Прево маълум қилди.

Маълумотга кўра, Брюссель ташқи сиёсий ваколатхоналари тармоғини қайта кўриб чиқиш доирасида Тошкентда янги элчихона очишни режалаштирмоқда. Вазир айтишича, Бельгия 20 га яқин давлат билан дипломатик миссия фаолиятини кучайтиради. Шунингдек, ҳозир амалдаги 8 ваколатхона ёпилади, 5 янги элчихона очилади.

Баёнотда Тошкент элчихонаси очилиши минтақанинг иқтисодий ўсиш салоҳияти, Транскаспий йўлаги бўйлаб янги транспорт йўналишлари учун стратегик аҳамиятга эгалиги  тан олиниши билан боғлиқлиги таъкидланган.

– Марказий Осиё инвестиция ва узоқ муддатли ривожланиш нуқтаи назаридан муҳим ҳудуд, – деди Прево. – Ўзбекистонда элчихона очилиши Бельгияга минтақавий иқтисодий ва сиёсий жараёнда фаол иштирок этиш имконини беради.

Эксперлар янги дипломатик ваколатхона икки мамлакат ўртасидаги савдо, сиёсий мулоқот ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришига ҳам урғу берган.

Д.Ҳакимов, ЎзА