Марказий Осиё: бирдамлик ва янги тараққиёт уфқлари

38

Муносабат

​Марказий Осиё минтақаси XXI асрнинг глобал геосиёсий ва иқтисодий контекстида ўзига хос аҳамиятга эга. Геосиёсий рақобатнинг кучайиши, трансчегаравий таҳдидлар ва интеграция жараёнларининг тезлашиши минтақавий ҳамкорликни янги даражага кўтаришни талаб этмоқда.

Бугунги кунда минтақа мамлакатлари хавфсизлик, иқтисодиёт, экология ва гуманитар соҳаларда ўзаро алоқаларни чуқурлаштиришга мажбурдир.

​Минтақавий барқарорликнинг асоси сифатида ҳамкорликнинг ихтиёрий, прагматик ва халқлар манфаатига йўналтирилган шакллари долзарбдир. Шу боис, минтақавий институтларни мустаҳкамлаш, хавфсизлик салоҳиятини ошириш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва инсон капиталини ривожлантириш асосий стратегик вазифаларга айланмоқда.

​Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий Осиё янги давр остонасида» сарлавҳали мақоласи айнан шу муаммолар ва уларнинг амалий ечимларига бағишланади.

​​Президентимиз мақоласида минтақавий ҳамкорликнинг янги даври қуйидаги асосий жиҳатлар орқали очиб берилган:

​1. Минтақавий ҳамкорликнинг янги формати: 

​2017 йилда йўлга қўйилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари тарихий бурилиш ясади. Ушбу мунтазам мулоқот ишонч ва очиқликка асосланган янги сиёсий тафаккурнинг тимсолига айланди.

​Натижада чегара масалалари ўз ечимини топди.

​Сув-энергетика соҳасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди (Қамбарота ГЭС-1 каби лойиҳалар).

​Гуманитар алоқалар мустаҳкамланди (ID-карта асосида эркин ўтиш, маданий алмашинув).

​2. Иқтисодий ўсиш ва стратегик қараш: 

​2024 йилда Остона саммитида қабул қилинган “Марказий Осиё — 2040” концепцияси ҳамкорликнинг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб берди.

​Минтақада ялпи ички маҳсулот 520 миллиард долларга етди.

​Ўзаро савдо ҳажми икки баробарга ошди, инвестициялар эса 5,6 баробарга ошди.

​Бу рақамлар Марказий Осиё иқтисодий уйғониш даврини бошдан кечираётганини кўрсатади.

​3. Қўшничилик — имконият

​узоқ йиллар «рақобат майдони» сифатида кўрилган минтақа бугун ҳамкорлик ва бирдамлик макони сифатида намоён бўлмоқда. Давлатлар ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, “кўприклар” барпо этмоқда. Қўшма саноат зоналари, савдо марказлари ва транспорт йўлаклари минтақани ягона иқтисодий макон сифатида боғламоқда.

​4. Халқаро майдонда ягона овоз: 

​Минтақавий жипслашув натижасида Марказий Осиё халқаро сиёсатда мустақил субъект сифатида тан олинмоқда. «Марказий Осиё +» форматлари минтақанинг глобал сиёсатда ягона ва барқарорлик маркази сифатида эътироф этилишига хизмат қилмоқда.

​5. Афғонистон масаласи: 

​Президент Мирзиёевнинг таъкидлашича, “Афғонистон минтақанинг чети эмас, балки табиий қисми”дир. Трансафғон темир йўли каби лойиҳалар ҳамда гуманитар ёрдам кўрсатиш ташаббуслари Афғонистонни тинчлик ва тараққиёт маконига айлантиришга қаратилган. Бу Марказий Осиёнинг жанубий чегараларида барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

​6. Демографик имконият:

​Минтақанинг 80 миллионлик аҳолиси 2050 йилга бориб 100 миллиондан ошиши кутилмоқда. Ўртача ёш — 29 йил. Бу демографик салоҳиятни инновация ва иқтисодий ўсиш драйверига айлантириш учун ёшлар салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимдир.

​​Марказий Осиёда ҳамкорлик қуйидаги бешта асосий йўналиш бўйича ҳам муҳим аҳамият касб этади:

​Минтақавий институтларни мустаҳкамлаш: Институтлар амалий натижаларга йўналтирилган тизимли механизм бўлиши, қонунчиликни мувофиқлаштириш зарур.

​Хавфсизликни мустаҳкамлаш: “Хавфсизликнинг бўлинмаслиги” принципи асосида терроризм, киберхавфсизлик ва трансчегаравий жиноятларга қарши курашда бирлашган позиция эгаллаш.

​Иқтисодий интеграция ва савдо: Савдо ва транспорт тизимларини соддалаштириш, қўшма саноат кластерларини яратиш орқали минтақавий иқтисодий ўсишни таъминлаш.

​Экологик барқарорлик: Иқлим ўзгаришларига мослашиш, сув ресурсларини асраш, “яшил” энергетика ва кам углеродли технологияларни ривожлантириш.

​Инсон капиталини ривожлантириш: Таълим, илм-фан, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик қилиш орқали халқлар ўртасидаги англашувни мустаҳкамлаш.

​​Бу ёндашув суверенитет, тенглик ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига таянган ҳолда ривожланишнинг ҳақиқий кафолатидир.

Бугунги Марказий Осиё — бу ўз манфаатларини аниқ англаган, келажагини биргаликда қураётган бирдам минтақа. Президент мақоласидаги ғоялар минтақанинг истиқболдаги ҳаракат йўналишларининг аниқ дастуридир.

​Фируза Мухитдинова, 

юридик фанлар доктори, профессор