Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шериклар ҳамда тараққиёт йўлидан биргаликда бораётган ишончли иттифоқчилардир
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Кўксарой қароргоҳида 15 ноябрь куни икки давлат етакчилари ўртасида тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шериклар ҳамда тараққиёт йўлидан биргаликда бораётган ишончли иттифоқчилардир. Бу икки давлат раҳбарларининг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш борасидаги қарашлари ўзаро мос келаётганини кўрсатади.
Транспорт-коммуникация йўлакларини шакллантириш, энергетик ҳамкорликни чуқурлаштириш, экология масалаларида ҳамжиҳат позиция шаклланиши муносабатларнинг янги босқичга кўтарилганининг амалий исботидир. Бу йўналишларда қўлга киритилаётган натижалар нафақат икки томонлама манфаатни, балки бутун минтақа учун стратегик аҳамиятни ифодалайди.
Иқтисодий ўзаро боғлиқлик ҳам изчил ўсмоқда. Икки томонлама савдо ҳажмини ошириш бўйича қўйилган мақсадлар амалий қадамлар билан мустаҳкамланмоқда.
Ушбу давлат ташрифи Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тарихида янги босқични бошлаб бериши таъкидланди.
Ташрифга тайёргарлик доирасида Тошкентда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форуми, Қозоғистон тиббиёти кунлари, қозоқ фильмлари намойиши, Остона кунлари ва бир қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди.
Йилнинг ўтган даври мобайнида товар айирбошлаш сезиларли даражада ўсди. Юк ташиш ҳажми ортмоқда, шаҳарлар ўртасида ҳафтасига 40 дан ортиқ авиақатновлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда 6,5 мингта қўшма корхона ташкил этилди ва устувор тармоқларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Саноат кооперациясини ривожлантириш учун 8 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳалар портфели тайёрланди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш таклиф қилинди.
Музокаралар давомида энергетика, транспорт, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим соҳаларда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларининг биринчи Кенгашини 2026 йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳам фикр алмашдилар.
Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари 2024 йилда таъсис этилган Олий давлатлараро кенгаш формати ўзининг долзарблиги ва самарадорлигини кўрсатганини таъкидлади.
– Муносабатларимиз бугунги кунда энг юқори – стратегикшериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини, икки томонлама салоҳиятдан фойдаланиш йўлларини батафсил муҳокама қилдилар ва Ўзбекистон – Қозоғистон шериклигини кенгайтиришга сезиларли туртки берадиган бир қатор қарорлар қабул қилдилар.
Ўзаро савдонинг барқарор ўсишини таъминлаш, унинг таркибини диверсификация қилиш ва бизнес учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш 4 миллиард долларга етгани мамнуният билан қайд этилди. Бу кўрсаткични 2030 йилгача 10 миллиардга етказиш мақсад қилинган.
Бунинг учун барча зарур шароитлар яратилган, савдо ва инвестиция битимларининг салмоқли тўплами шакллантирилган, “ЎзКазТрейд” компанияси таъсис этилган, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик механизмлари йўлга қўйилган.
Мамлакатимиз етакчиси саноат кооперацияси соҳасида эришилган катта муваффақиятларни қайд этди.
Ташриф доирасида “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси маркази ҳамда 1,3 миллиард долларлик қатор муҳим лойиҳалар ишга туширилади. Бундан ташқари, умумий қиймати 8 миллиард доллардан зиёд бўлган, жумладан, кимё, геология, инфратузилма, логистика, агросаноат ва кўплаб бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган кенг кўламли Саноат кооперацияси дастури тайёрланди.
Транспорт ва логистика соҳасида тизимли шериклик устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Янги транспорт йўлакларини, шу жумладан, “Учқудуқ – Қизилўрда” йўналишини яратиш, Ақтау, Қуриқ ва Хоргос портларида юк ташишни рағбатлантириш бўйича биргаликда ишлаш зарурлиги қайд этилди.
Энергия ресурсларини ташиш ва қайта ишлаш, энергияни тежаш, “яшил” технологиялар ҳамда ахборот технологияларини жорий қилиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.
Сув-экология соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилади. Томонлар ташриф доирасида Трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги битим имзоланишини олқишладилар.
Етакчилар гуманитар алоқалар алоҳида ўрин тутишини қайд этдилар. Жорий йилда Олмаота ва Остона шаҳарларида қўшма маданий тадбирлар – “Лазги” балети, рассомлар кўргазмаси, адабиётчилар форуми ва ёшлар фестивали, шунингдек, Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунлари ва Тошкент шаҳрида Остона кунлари муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди.
Фан ва таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни давом эттириш, олий таълим муассасалари билан қўшма дастурларни кенгайтиришга келишиб олинди.
Қўшма сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тарихий қадамжолари, бой маданий ва маънавий меросини оммалаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, музокаралар кун тартиби юзасидан Бош вазирлар ўринбосарлари, энергетика, транспорт ва маданият вазирларининг ҳисоботлари тингланди.
Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши якунида бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.
Хусусан, “Марказий Осиё” Халқаро саноат кооперацияси маркази ва “Tenge Bank”нинг Тошкентдаги янги бош офиси ишга туширилди.
Шунингдек, “Silkway Central Asia” кўп тармоқли логистика маркази, чизиқли алкилбензол ишлаб чиқариш қувватлари, Янги Тошкентда “Остона” мавзеси ҳамда пойтахтларда “Тошкент” ва “Остона” меҳмонхона мажмуалари қурилиши бошланди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари ушбу лойиҳалар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.
Сўнг Кўксарой қароргоҳида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари мукофотни топширар экан, Қозоғистон Республикаси Президентининг икки қардош халқ ўртасида дўстлик, яқин қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан шахсий хизматларини алоҳида қайд этди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки халқ ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги тараққиёт даражасига чиқиб, намунали аҳамият касб этгани таъкидланди. Парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар, бизнес, жамоатчилик ва ёшлар фаол ҳамкорлик қилмоқда. Маданий ва гуманитар алмашинувлар кенгайиб бормоқда.
Қосим-Жомарт Тоқаевнинг глобал миқёсда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, шунингдек, минтақамизда ишонч, ўзаро ҳамжиҳатлик ва шериклик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.
Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқига бундай юксак мукофот учун миннатдорлик билдирди ҳамда қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва иттифоқчилик руҳидаги муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қўшма баёнот имзоладилар.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Олий давлатлараро кенгашнинг геология, нодир ер металларини қазиб олиш, трансчегаравий дарёлар оқимини прогноз қилиш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳларни ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари раҳбарларининг кенгашини тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилдилар.
Ташриф давомида яна бир қатор ҳужжатлар имзоланди, жумладан:
– Трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битим;
– Божхона хизмати ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги битим;
– Чегараолди ҳудудларда ерусти радио хизматлари томонидан фуқаролик мақсадларида фойдаланиладиган радиочастоталарни ўзлаштиришни мувофиқлаштириш тўғрисидаги битим;
– Қўшма ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги битим;
– Қўшма инвестиция платформасини яратиш тўғрисидаги ҳадли битим;
– 2026-2027 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;
– Адлия вазирликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Тоғ-кон саноатида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум;
– Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва “Ассамблея жастары” жамоат бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
– Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
– Тиббий суғурта жамғармалари ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
– Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Остона шаҳар ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик битими;
– “Ўзбекнефтгаз” ва “Казмунайгаз” акциядорлик жамиятлари ўртасида ҳамкорлик битими.
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи тарихий воқеа бўлгани ҳамда Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида муҳим босқични бошлаб берганини яна бир бор катта мамнуният билан қайд этди.
Ташриф доирасида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, унда икки томонлама кун тартибининг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
Иқтисодий ҳамкорлик масалаларига устувор аҳамият қаратилди. Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири экани таъкидланди.
Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 15 фоизга ўсгани айтилди. “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказининг очилиши ташрифнинг муҳим воқеаси бўлди.
Ушбу илғор лойиҳа мамлакатларимиз ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва замонавий қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга қаратилган.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, анъанавий ва муқобил энергетика бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш стратегик йўналиш сифатида белгиланди.
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида, энг аввало, Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Фан ва таълим муассасалари, ижодий ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни фаоллаштириш, туризм соҳасидаги қўшма дастурларни кенгайтиришга келишиб олинди.
Томонлар минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишларини яна бир бор таъкидладилар. Шу маънода, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий интеграция ва бутун Марказий Осиёда бирдамликни мустаҳкамлаш жараёнларига янги суръат бағишлаши алоҳида таъкидланди.
Кўп томонлама, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, “Марказий Осиё плюс” форматларида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
– Ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевичнинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари юксак даражада эканини яна бир бор яққол тасдиқлади, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Якунда Президент Шавкат Мирзиёев эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар икки томонлама шерикликни аниқ мазмун билан бойитиши, қўшма лойиҳалар учун янги уфқлар очиши, биродар давлатларнинг барқарор тараққиёти учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари