«Саломатлик марафони» тадбири юқори савияда ўтказилмоқда

Республикамизда яшовчи фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, улардаги касалликларни эрта аниқлаш учун бепул тиббий кўриклардан ўтказиш ва операцияларни амалга ошириш мақсадида яқинда Нукус шаҳрида бўлиб ўтган «Саломатлик марафони» айни пайтда Хўжайли туманида давом этмоқда.
Жорий йилнинг 3-30 ноябрь кунлари туман ҳудудида «Саломатлик марафони» ўтказилиши белгиланган бўлиб, туман аҳолиси бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Саломатлик тадбири доирасида аҳолининг кенг қатламини профилактик кўрик ва скрининг текширувларига жалб этиш, аҳолининг ўзи ва фарзандлари саломатлигига масъулиятини ҳамда касалликлар профилактикаси тушунчасини шакллантириш ва ривожлантириш, юқумли бўлмаган касалликлар, шу жумладан, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, саратон каби касалликлар профилактикаси бўйича хабардорлигини ошириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугун 14 ноябрь куни Хўжайли тиббиёт бирлашмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги билан танишиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари «Саломатлик марафони» тадбири доирасида тиббиёт бирлашмасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат турлари билан танишиб, шифокорлар билан ҳамкорликда беморлар ҳолидан хабар олиб, ўтказилаётган амалий жараёнларда иштирок этди.
Тадбир доирасида Тошкент шаҳар Республика Миллий марказидан тор соҳа мутахассислари томонидан юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш мақсадида тумандаги имтиёзли гуруҳга кирувчи ва пенсия ёшидаги фуқаролар «Ангиография» текширувидан ўтказилмоқда. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ушбу амалиётда иштирок этиб, шифокорларнинг беморда кардиологик касалликни эндоскопик усулда аниқлаш жараёнини кўздан кечирди.
– Саломатлик марафони ойлигида «Кўкрак бези саратони» касалликларининг профилактикаси бўйича 45-65 ёшдаги 800 нафардан ортиқ хотин-қизларни профилактик кўрик ва скрининг текширувлари ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги вақтда 394 нафар хотин-қизлар скринингдан ўтказилди. 798 нафар 2-10 ёш оралиғидаги болаларни «Гельминтоз» касаллигига текшириш режалаштирилган бўлиб, шундан 402 нафари скрининг текширувидан ўтказилди. 3-18 ёш оралиғидаги 1508 нафар болани «Онкогемотологик» касалликка текшириш режалаштирилган. Шундан 954 нафари скрининг текширувидан ўтказилди, – дейди Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи И.Полвонов.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни такомиллаштириш мақсадида Бухоро вилояти Хўжайли туманига бириктирилган эди. Туманда тиббий хизмат сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев бошчилигидаги 30 нафар бухоролик шифокордан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум доирасида Бухоро вилоятидан мутахассислар бир ҳафта давомида Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмасида кўриклар ташкил этиб, жарроҳлик амалиётларини ўтказиш режалаштирилган.

Бу ўз навбатида, аҳоли учун тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилади. Ташрифдан мақсад туманда маҳаллий хотин-қизлар билан ҳамкорликда 50 га яқин юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги болаларнинг саломатлигини текшириш, шунингдек, шифокорлар билан тажриба алмашишдан иборат.
-Боламнинг нафас олиши қийин эди. Бухоролик шифокорлар кўрикдан ўтказиб, нафас йўлида касаллик борлигини аниқлади ва бепул операция қилди. Ҳозир боламнинг аҳволи яхши. Бунинг учун шифокордан миннатдормиз, – дейди туман фуқароси Марал Сапарова.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари «Мустақиллик» ҚФЙ ҳудудида бўлиб маҳаллий аҳолига бухоролик ўрта бўғин тиббиёт ходимларининг соғлом турмуш тарзи бўйича олиб бораётган тарғибот ишлари билан танишди. Хонадонларга кириб, уларга тиббий тушунтиришлар ўтказди.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги