Деворлар эмас, кўприклар қурилаётган макон – янги Марказий Осиё
Муносабат

Бугун дунё ҳамжамияти кўз ўнгида Марказий Осиё тарихан янги босқичга қадам қўймоқда. Эътиборлиси, бу жараён фақат геосиёсий воқелик эмас, балки минтақа халқлари онги, давлатлар ўртасидаги муносабатларда чуқур сифат ўзгариши орқали амалга ошмоқда.
Бир сўз билан айтганда, янги Марказий Осиё – бу ишонч, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва биргаликдаги масъулият асосида қурилаётган маконга айланди. Албатта, бу жараён ўз-ўзидан пайдо бўлган табиий ҳолат эмас, балки минтақадаги барча давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаган сиёсий иродаси, муваффақиятли дипломатияси ҳамда халқлар иродасининг ифодасидир.
Марказий Осиёда шаклланаётган янги сиёсий муҳит минтақамизнинг келажакдаги барқарорлиги ва фаровонлиги учун асосий шароитдир. Президентимиз айтганидек, ҳамжиҳатлик бугун нафақат маънавий қадрият, балки стратегик заруратга айланди.
Сабаби, минтақадаги ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини мустақил равишда белгилаган ҳолда, умумий манфаатлар асосида қўшнилар билан ҳамкорликни кенгайтиришга интиляпти. Бу жараённинг моҳияти “қўшнининг муваффақияти менинг ютуғим” деган янги минтақавий тафаккурда ҳам мужассам.
Сўнгги саккиз йил давомида Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти қарийб икки ярим баробар ўсиб, 520 миллиард долларга, ташқи савдо ҳажми эса икки каррадан зиёд кўпайиб, 253 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2 марта ошиб, қарийб 11 миллиард долларга, ўзаро инвестициялар эса 5,6 баробарга етди.
Биргина мамлакатимизни оладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етди, қўшма корхоналар сони эса 1800 дан ошди. Бу рақамлар ортида юз минглаб янги иш ўринлари, қўшма ишлаб чиқаришлар ва аҳолининг турмуш даражасидаги реал ўсиш мавжуд.
Шу боис, минтақадаги иқтисодий жараёнлар бизнинг умумий келажагимизга хизмат қилмоқда. Саноатдаги 6 фоизлик йиллик ўсиш, бу кўрсаткичнинг жаҳон ўртачасидан икки баробар юқори экани Марказий Осиё салоҳиятининг очиқ далилидир.
Ҳамкорликдаги янги механизмлар, қўшма инвестиция фондлари, чегараолди савдо зоналари, халқаро саноат кооперация марказлари минтақавий ривожланишнинг драйверига айланмоқда. Бугун нафақат йирик саноат лойиҳалари, балки кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳам минтақавий иқтисодий ҳамжиҳатликдан фойда кўра бошлади.
Қолаверса, 2025-2027 йилларга мўлжалланган саноат кооперацияси бўйича Ҳаракатлар режаси минтақамизнинг “ички иқтисодий интеграция харитаси”га айланди. Бу режа амалга оширилса, Марказий Осиё нафақат ресурслар экспортёри, балки юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи минтақавий саноат марказига айланиши мумкин.
Шунингдек, Президентимиз мақоласида таъкидланганидек, кейинги йилларда фақат сиёсий ёки иқтисодий эмас, балки гуманитар соҳада ҳам мисли кўрилмаган даражада яқинлашув кузатилмоқда. Марказий Осиё аёллари мулоқоти, Ёшлар платформаси, ректорлар ва олимлар форумлари, маданий ва спорт тадбирларининг мунтазам ўтказилиши бу халқларимиз ўртасидаги ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаётган муҳим жараёнлардир.
Муҳими, мулоқотлар натижасида одамлар бир-бирига яқинлашмоқда, руҳий чегаралар йўқолиб, оддий фуқаролар уни ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Янги чегара ўтказиш пунктлари, кўпаяётган авиақатновлар, темир йўл ва автобус йўналишлари бу ишончнинг амалий ифодаси. Бугун минтақавий туризмда ички оқим 80 фоиздан ошгани халқларимиз бир-бирини яқиндан билишга, тарих ва маданиятни ўзаро англашга интилаётганидан далолатдир.
Президентимиз илгари сурган яна бир муҳим фикр бугун Марказий Осиё халқаро муносабатларда ўз манфаатларини аниқ белгилай оладиган мустақил ва масъулиятли субъектга айланди. Жумладан, “Марказий Осиё плюс” форматлари – Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, АҚШ ва бошқа етакчи мамлакатлар билан минтақавий мулоқот платформалари минтақа овозининг жаҳон майдонида тобора баланд эшитилаётганини кўрсатади.
Эндиликда ташқи шериклар Марказий Осиёга алоҳида давлатлар йиғиндиси сифатида эмас, балки ягона минтақавий куч сифатида қарамоқда. Бу халқларимиз манфаатларини ҳимоя қилишда ва халқаро инвестицияларни жалб этишда янги имкониятлар эшигини очади.
Умуман олганда, бугун Марказий Осиё давлатлари ўз тақдирини мустақил белгилай оладиган, халқаро ҳамжамиятда ўз сўзи, тинчлик ва тараққиёт моделини намоён этаётган ҳудудга айланмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон фаол ва ташаббускор давлат сифатида муҳим ўрин тутмоқда. Президентимиз илгари сурган “бирдамлик ва умумий келажак” ғояси минтақамизнинг янги сиёсий фалсафасига айланди.
Халқ вакили сифатида ишонч билан айта оламизки, бугунги “Янги Марказий Осиё” нафақат давлат раҳбарлари сиёсати, балки миллионлаб инсонларнинг ҳаётий танловидир. Бу танлов – тинчлик, тараққиёт ва умумий фаровонлик йўлидир.
Муқаддасхон АҲМЕДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА