Ерда кучли магнит бўрони

65

Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институти Қуёш астрономияси лабораторияси тарқатган хабарга кўра, сайёрамизда энг юқори тезлигига яқинлашиб келаётган жуда кучли магнит бўрони бошланган.

– Сўнгги кунларда қуёш чақнаши фаоллиги кескин ошиши асносида бугун етиб келиши кутилаётган учта плазма булутининг биринчиси Ерга анча яқинлашди, – дейилган хабарда. – Натижада ҳозир геомагнит мониторинг асбоблари томонидан сайёра миқёсида жуда кучли, қарийб G5 даражали магнит бўрони қайд этилмоқда.

Олимлар фикрича, вазият кутилган башоратдан тушунарсиз даражада фарқ қилади. Олдинги уч чақноқ таъсири ҳали заминимиз томон ҳаракатини давом эттирмоқда. Шулардан фақат биринчиси, энг кучсизи бир кечада етиб келиши ва G1-G2 даражали бўрон қўзғатиши мумкин.

Таъсир чўққиси учинчи чақнашдан кейинги плазма билан бир вақтга тўғри келиши кутилган. Бу ҳам туш пайтига тўғри келади.

Тадқиқотчилар тушунтиришича, ягона эҳтимолий изоҳ шуки, йил давомидаги энг кучлиси сифатида эътироф этилган кечаги чақнашдан кейинги ҳаракатдаги плазма булути рекорд тезлиги туфайли олдинда секинроқ ҳаракатланаётган плазма булутини ортда қолдириб, итариб ва сиқиб, ҳарорат, зичлик ва магнит хусусиятини кескин оширмоқда.

Ерда магнит бўрони пайдо қиладиган Қуёш чақнаши энергия ва навигация тизимини издан чиқаради, саноат тармоғи фаолиятини бузади, қушлар ва ҳайвонлар кўчиш йўлларига таъсир кўрсатади. Қуёш фаоллашиши аврора кузатуви география доирасини кенгайтириши мумкин. Ушбу коинот ҳодисасининг инсон саломатлигига таъсири билан боғлиқ саволга ҳали аниқ жавоб йўқ.

С.Раҳимов. ЎзА