Экспортёр корхоналар учун бизнес форум ташкил этилди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида экспорт ишлари билан шуғулланувчи маҳаллий корхоналар учун бизнес форум ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг масъул ходимлари иштирок этиб, божхона соҳасидаги янгиликлар ва экспорт йўналишидаги имтиёзлар бўйича тарғибот ишларини олиб борди.
Тадбирнинг асосий мақсади – Қорақалпоғистон ишбилармонлари ва хорижий ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо муносабатларини мустаҳкамлаш ва ҳудуддаги инвестиция муҳитини такомиллаштиришдан иборат.
Тадбир давомида «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан экспортёрлар учун кўрсатилаётган хизмат турлари ва янгиликлар, экспорт-импорт фаолиятидаги имтиёзлар ва қулай шартлар, янги тартиб-қоидалар ҳақида тушунчалар, «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими афзалликлари, маҳсулотларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқарилиши, ёки экспорт ҳажмини ошириши мумкинлиги ҳақида маълумот ва тавсиялар берилди. Қорақалпоғистон тадбиркорлари учун инвестиция имкониятлари ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ҳам берилиб, экспортёрлар, тадбиркорлар ва турли соҳа вакиллари – мутахассислар билан очиқ мулоқот асосида музокаралар олиб борилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.



Тадбирда Қорақалпоғистон тадбиркорлари учун янги имкониятлар эшигини очиб, экспорт салоҳиятини ошириш ва халқаро бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш бўйича амалий қадамлар белгиланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги