Нукус туманида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди

50

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесиниң Раиси Аманбай Оринбаев Нукус туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси туман марказидаги «Оқманғит» посёлка фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи «Оқманғит» канали атрофида аҳоли учун қулай шароит яратиш мақсадида 6,6 миллиард сўм маблағ асосида 24 соатлик (24/7) режимда иш олиб борадиган махсус хизмат кўрсатиш жойи ва «Халқ сайли» савдо-кўнгилочар маркази қурилиши билан яқиндан танишди.

«Саманбай» овул фуқаролар йиғини ҳудудида ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида янги ташкил этилаётган ўрдак боқиш масканлари кўздан кечирилди. Бу ерда жами 40 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, ўрдакларни кўпайтириш, тухум ва гўшт маҳсулотлари етиштириш белгиланган.

Шундан сўнг фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўналишида ҳали ҳам ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш ва муаммоларга ечим топиш бўйича тумандаги кўча оқсоқоллари, нуроний-оқсоқоллар билан учрашув ўтказилиб, олдиндаги вазифалар белгилаб олинди.

Ўрганишлар давомида Нукус туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат дастурлари, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар доирасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилиб, кун тартибидаги масалалар танқидий таҳлил қилинди.

                                                                Қорақалпоғистон ахборот агентлиги