Футболчиларимиз кейинги босқичда

44

Кеча Қатарда давом этаётган U-17 ёшли футболчилар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатида «J» гуруҳида 3-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Доҳа шаҳридаги «Aspire Academy» стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Панама терма жамоалари ўртасидаги ўйиннинг биринчи таймида панамалик футболчилар ўз устунликларини кўрсатиб, қатор хавфли ҳужумлар уюштирди.

Шундай ҳужумлардан бирида терма жамоамиз дарвозабони Иброҳим Шокиров 11 метрлик жарима майдони ичида панамали футболчини қўли билан ушлаб олди ва буни кўрган украиналик бош ҳакам Олексей Деревинский ҳеч иккиланмай пенальти белгилади.

Терма жамоа таркибида ўзининг илк ўйинини ўтказаётган дарвозабонимиз учун жуда оғир руҳий зарба бўлди. Бироқ, ёш дарвозабон Иброҳим Шокиров бу қийин вазиятдан ўзининг маҳорати билан чиқиб кетди ва панамали футболчи томонидан тепган 11 метрлик жарима тўпини қайтаришга эришди.

Иккинчи таймда эса, Ислом Исмоилов шогирдлари ўйиндаги устунликни ўз қўлларига олиб, Панама дарвозаси олдида бир қатор хавфли ҳужумлар уюштирди ва шундай ҳужумларнинг бирини 48-дақиқада Абубакир Шукуруллаев самарали якунлашга эришди.

Бундан руҳланган футболчиларимиз ўз маҳоратларини янада ишга солиб, ўйиннинг 52, 67, 90+1, 90+3, 90+5-дақиқаларида 5 марта гол уришга муваффақ бўлди.

Панамалик футболчилар эса, бу голларга 90+10-дақиқада бир марта жавоб қайтаришга эришди.

Ҳисоб 6:1.

Шуни айтиб ўтишимиз керакки, ушбу ўйинда республикамиз вакили Азизбек Эримбетов икки тайм давомида ўйнаб, жамоамиз ғалабасига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.

Шу гуруҳда ўтказилган иккинчи ўйинда эса, гуруҳ етакчиси Ирландия Парагвай терма жамоаси билан учрашиб 0:0 ўйнади ва гуруҳ босқичини биринчи ўрин билан якунлади.

Энди терма жамоамиз аъзолари 1/16 финал ўйинида Хорватия терма жамоаси билан кейинги босқичга чиқиш учун ўзаро кураш олиб боради.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси