Туризм бўйича лойиҳа тақдим этилди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантириш бўйича Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилаётган Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ва «QR Gastronomic Quality» лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Р.Зарикеев, давлат органлари, туризм соҳаси ва гастрономик бизнес вакиллари, жамоат ташкилотлари иштирок этди.
Тадбир давомида Р.Зарикеев ҳудуднинг туризм салоҳиятини оширишда тизимли ёндашув ва хизматлар сифатини яхшилаш муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фондининг ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилаётган «QR Gastronomic Quality» лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади – Қорақалпоғистонда гастрономик туризмни ривожлантириш, хизматлар сифатини баҳолаш ва ошириш учун рақамли баҳолаш тизимини жорий этишдир.
Йиғилишда Кенгаш таркибини шакллантириш, Давлат органлари, бизнес ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, лойиҳанинг барқарорлиги ва мониторинг тизимини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мажлисда Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг иш режаси тасдиқланиб, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги