Ўзбекистон божхона тизимида халқаро стандартлар жорий этилмоқда
Божхона қўмитасида “Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари халқаро стандартларини жорий этиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тадбир 4-7 ноябрь кунлари Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) “Марказий Осиёда савдо жараёнларини соддалаштириш” минтақавий лойиҳаси доирасида ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.
Семинар очилишида Божхона қўмитаси мутасадди раҳбарлари, тегишли бошқармалар мутахассислари, “Ўзбекистон почтаси” АЖ, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари билан боғлиқ жараёнларни такомиллаштириш, божхона назорати ва расмийлаштиришни рақамлаштириш ҳамда электрон маълумотлар алмашинишини соддалаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Семинар халқаро эксперт Дитмарт Йорст томонидан олиб борилди.
Тренинг доирасида “Тошкент-AERO” ихтисослаштирилган божхона комплексидаги “Авиаюклар” ва “Электрон тижорат” TIF божхона постларига амалий ташрифлар ташкил этилди. Халқаро эксперт жойлардаги фаолият, инфратузилма, ахборот алмашинуви тизими, назорат зоналари ва почта жўнатмаларини қайта ишлаш жараёнларини яқиндан ўрганди.

Ўрганишлар давомида божхона жараёнларини такомиллаштириш, жўнатмаларни рўйхатдан ўтказиш ва текшириш тартиблари самарадорлигини ошириш бўйича амалий таклифлар берилди.

Семинар якунида Дитмарт Йорст Ўзбекистон божхона тизимида тезкор етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, электрон тижорат соҳасидаги божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлаштириш бўйича хулосалар ва тавсиялар тақдим этди.

Эксперт шунингдек, Ўзбекистон божхона тизимида амалга оширилаётган рақамлаштириш ва автоматлаштириш йўналишларидаги ютуқларни юқори баҳолади. Бу эса халқаро стандартларга мувофиқ самарали тизимни яратишда муҳим қадам ҳисобланади.
Ш.Маматуропова, ЎзА