Ҳудудларга қанча машаққатлар билан олиб келинган ускуналар тўлиқ ишлатилмаяпти, айримларининг қадоғи ҳали очилмаган – Президент
Яқинда Республика онкология маркази раҳбари ишдан олиниб, ўрнига Туркиядан малакали бошқарувчи қўйилди. Бу марказга Франциянинг дунё тан олган “Густав Русси” клиникаси ҳам жалб қилинди. Уларнинг клиник протоколларини татбиқ этиш бошланади.
–Барча марказ раҳбарлари эшитиб олсин: марказлар шахсий мулк эмас, уларнинг барчаси давлатники, халқники!
Ҳар бир марказ раҳбари хулоса чиқариб, ўзига бир йиллик катта режа олиши керак. Улар уч ойда хориждан ҳамкор топиб, ўзи ўзгариш қилади ёки бу ишни уларсиз қиламиз, – деди Президентимиз.
Вилоят, туман тиббиёт раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари ҳам ҳалигача эскича ёндашув, эскича услубда ишлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ҳудудларга қанча машаққатлар билан олиб келинган ускуналар тўлиқ ишлатилмаяпти, айримларининг қадоғи ҳали очилмаган.
Мисол учун, Гурлан тумани шифохонасига 300 минг долларга олиб берилган МСКТ аппарати қувватига нисбатан атиги 9 фоизга хизмат кўрсатяпти. Ёки Навоий вилоят шошилинч марказидаги қарийб 1 миллион доллар турадиган ангиограф 4 фоиз юклама билан ишламоқда.
Уларнинг масъуллари хусусий клиникаларга бориб, тадбиркорлар бундай аппаратларни қандай самарали ишлатаётганини кўриши, ўрганиши кераклиги қайд этилди.
ЎзА