Сидни Камлагер-Дав: Шавкат Мирзиёев – узоқни кўра оладиган Президент

41

Ўзбекистон Президентининг Вашингтонга ташрифи доирасида давлатимиз раҳбари билан мулоқотда бўлган АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Сидни Камлагер-Дав ОАВ вакилларининг қисқа саволларга жавоб берди:

– Ушбу учрашув Ўзбекистон Президенти билан илк мулоқотингизми?

Ҳа, мен Ўзбекистон етакчиси билан ажойиб учрашув ўтказдим, дея оламан. Президент Шавкат Мирзиёев мулоқот чоғида ўз ҳаётий тажрибаси ҳамда мамлакат келажаги борасидаги қарашлари билан ўртоқлашди. Мен унинг олий ва мактабгача таълим соҳасида эришган ютуқлари, мамлакатда аёлларни раҳбарлик лавозимларига жалб этиш йўлидаги ишларидан илҳомландим. Шунингдек, ҳар икки томон учун манфаат келтирадиган муносабатларнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик. Мен Президентни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига йўлланма олгани билан ҳам табрикладим. Жаҳон чемпионати пайтида ўз округимда юртингиздан келадиган барча меҳмонларни кутиб олиш ва умид қиламанки, уларни 2028 йил Олимпиада ўйинларида яна қабул қилишни интизорлик билан кутаман.

– Давлатимиз раҳбарининг Вашингтонга ташрифи ҳақида қандай фикрдасиз?

– Фикримча, Президентнинг C5+1 саммити учун АҚШга ташрифи Ўзбекистон Марказий Осиёда нечоғли муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Учрашувларда иштирок этганимиздан мамнунмиз. Умид қиламанки, C5+1 саммити Конгресс аъзолари учун жуда муҳимлигини барча англаб етади.

– Сўнгги йилларда диёримизда амалга оширилаётган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

– Мулоқот давомида биз Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистонга нисбатан ҳам амалдаги Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиш тўғрисида, шунингдек чегара хавфсизлиги ва иқтисодиёт гуллаб-яшнаши ҳақида гаплашдик.

Шу ўринда Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этганини олқишлайман. Менимча, бу икки мамлакат ўртасида маданият ва таълим алмашинувини ривожлантиришнинг ажойиб усули. Шавкат Мирзиёев жуда узоқни кўра оладиган Президент.

– Охирги пайт Марказий Осиёда кўплаб ижобий ўзгаришлар юз берди. Минтақа мамлакатлари бир-бирига яқинлашди, муносабатлар янада дўстона тус олди. Ушбу янгиликларда Ўзбекистон, хусусан етакчи Шавкат Мирзиёевнинг ўрни қандай, сизнингча?

– Мен Конгрессда Жанубий ва Марказий Осиё бўйича қуйи қўмита аъзосиман. Шу сабабли АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга кўмаклашиш мен учун жуда муҳим. Ўзбекистон бутун минтақада ҳал қилувчи ўрин эгаллаганини эътироф этаман. Шундай экан барқарорлик, иқтисодий фаровонлик, тинчлик – менимча, бу масалаларнинг бари Ўзбекистон бутун минтақа бўйлаб муносабатларни бошқариши ва минтақа миқёсида шундай қудратли куч сифатида намоён бўла олиш қобилиятига боғлиқ.

Ўткир Алимов тайёрлади.

ЎзА