Халқаро дайжест
Филиппинга ёпирилган “Калмаэги” тўфони оқибатида 66 киши ҳалок бўлди, 26 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда расмийларга таяниб, The Guardian хабар берди. 430 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Зарар кўламини текшираётган ҳарбий вертолёт қулаб тушиб, 6 киши жон берган. Қолганлар эса сув тошқинлари, дарахтларнинг ағдарилиши ва бино вайроналари остида қолиб қурбон бўлган.
Норвегия қироллик полиция бошқармаси Россия билан 198 километрлик чегарани мустаҳкамлайди. Бир қатор чегара участкаларида тўсиқлар ва кузатув камералари ўрнатилади. Мамлакат шимолидаги Сёр Варангер коммунасида жойлашган собиқ Скафферҳуллет чегара пункти ва расмий Сторског назорат-ўтказиш пунктида хавфсизлик кучайтирилади. Тўсиқлардан ташқари чегарани назорат қилиш учун замонавий сенсорлар ва кузатув камералари ўрнатилади. Финнмарк округи полицияси бошлиғи Эллен Катрине Хетта айтишича, давлат чегарасининг айрим қисмларида дронлардан фойдаланиш “долзарб бўлади”.
Бельгиянинг шимоли-шарқидаги НАТОга қарашли Клейне Брогел авиабазаси яқинида номаълум дронлар парвози кузатилди. Маҳаллий аҳоли 4 ноябрь куни кечқурун авиабаза атрофида камида олтита дронни кўрган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Клейне Брогел авиабазаси Европада Америка ядро қуроллари сақланадиган жойлардан бири ҳисобланади. Полиция иккита дронни қайд этган.
Россия Ички ишлар вазирлиги хорижликларнинг мамлакатдан чиқиб, қайта кириш орқали миграция мақомини янгилаш амалиётига чек қўйди. Эндиликда четга чиқиб келиш рухсат этилган қолиш муддати давомийлигини ноллаштирмайди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди. Вазирлик таъкидлашича, кўплаб хорижий фуқаролар Россиядан чиқиб кетиб, қайта кириш орқали миграцион мақомини янгилаш ёки қолиш муддатини узайтириш мумкин, деб нотўғри ўйлайди. Визасиз тартибда Россияга кирувчилар мамлакатда максимал бир йилда 90 кун қолиши мумкин.
АҚШнинг Кентукки штатида юклар ортилган MD-11 самолёти ҳавога кўтарилгандан кўп ўтмай, қулаб тушди. Бу ҳақда CNN хабар берди. Маълум қилинишича, самолёт UPS компаниясига тегишли бўлган. У Луисвиллдаги Муҳаммад Али халқаро аэропорти яқинида ҳалокатга учраган. Ҳодисага самолёт двигательининг ёниб кетиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Самолёт қулаган жойда ёнғин чиқиб, осмонга қора тутун кўтарилган.
Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА