Мерганлар ўзаро беллашганда

49

Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида спортнинг камондан ўқ отиш туридан Қорақалпоғистон кубоги бўлиб ўтди.

Мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан кучли спортчилар иштирок этиб, улар бир неча йўналишлар бўйича ўзаро беллашди.

Кескин ўтган беллашувлар якунида, катталар ўртасида Ғанишер Саматов, Мавлюда Режепова, ўсмирлар ўртасида Артиқ Дарменбаев, Дилафруз Сипатдинова, кичик ёшдагилар ўртасида Бекзат Бекбаев, Шахсанам Женисбаева, Олимпия тури бўйича ўсмирлар ўртасида Артиқ Дарменбаев, Оксана Тажимуратова, болалар ўртасида Бекзат Бекбаев, Шахсанам Женисбаевалар олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Умумий жамоа ҳисобида эса, Нукус шаҳри биринчи ўринни эгаллаган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар Чимбой ва Қонликўл туманлари спортчиларига насиб этди.

Мусобақанинг тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибоев, Ўзбекистон Камондан ўқ отиш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи М.Юсуповлар иштирок этиб, спортчиларни эришган ютуқлари билан табриклади ва келгуси мусобақаларда бундан-да юқори натижаларга эришаверишларига тилак билдирди.

Мусобақа якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси