Олий мартабали меҳмонни ром этган мажмуа ёхуд Амир Темур сиймосига берилган савол… (+видео)

47

Бунёдкорлик

Мамлакатимизда илм-маърифатни, қадриятларни авайлаш ҳамда аждодларга эҳтиром кўрсатиш йўлида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази бугун дунё аҳлини ўзига жалб этиб келмоқда. Ислом меъморчилигининг ҳақиқий дурдонаси ва Ўзбекистоннинг Учинчи уйғониш даври тимсоли сифатида қад ростлаган мажмуада юртимизнинг бебаҳо бисоти бўй кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан 28 октябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич рафиқаси ҳамроҳлигида эртаси куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди.

Олий мартабали меҳмонга ўзбекистонлик олимлар ҳамроҳлигида мазкур меъморий обида ва унинг дунё илм аҳли, жумладан, Ислом оламида тутган ўрни ҳақида маълумотлар берилди.

Сербия Президентининг Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари, ўзбек халқи тарихига бўлган эътибори хусусида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром АБДУҲАЛИМОВнинг фикрларига қизиқдик.

– Аввало шуни айтишимиз лозимки, Ўзбекистондаги ислоҳотлар нафақат иқтисодиёт соҳасида, халқ фаровонлиги борасида, балки тарихимиз, маданий меросимиз, Ислом дини, унинг маърифатпарварлик ғоялари билан боғлиқлиги жиҳатдан муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди Баҳром Абдуҳалимов. – Сербия Президенти Александр Вучич марказда экспозициялар билан танишиб, халқимизнинг бебаҳо тарихий ва маънавий меросидан бохабар бўлди. Олий мартабали меҳмонни қадимий меъморий анъаналаримиз ва миллий безаклар уйғунлигида қурилган, тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада эса 65 метрли миллий услубдаги гумбаз маҳобати жалб этди.

Хусусан, марказнинг Биринчи ренессанс деб аталувчи қисмига кирганида, меҳмоннинг юртимизнинг келажак умидлари ва мақсадлари билан боғлиқ таассуротлари янада кенгайди. Хоссатан, бу ерда шакллантирилган Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби алломаларимизнинг меросига оид бўлган капсулалар билан танишди.

Бундан ташқари, Хоразм Маъмун академияси, Бағдод академиясида амалга оширилган кашфиётларга жуда катта қизиқиш билан қаради ва юқори таассуротларга эга бўлди. Шундан сўнг Сербия Президенти соҳибқирон Амир Темур тарихига ажратилган қисмига ўтди. Биз меҳмонга Амир Темурнинг сунъий интеллект орқали шакллантирилган сиймосини кўрсатдик. Бунда соҳибқирон қиёфасида сунъий интеллект билан савол-жавоб қилиш имкони бор. Сербия Президенти рафиқаси билан келишиб, соҳибқиронга бир савол билан мурожаат қилди. Яъни, “Амир Темур ўша даврда Европа ҳукмдорлари билан мулоқотда бўлган, мактублар алмашган экан. Сербиянинг ўша даврдаги ҳукмдори Стефан билан алоқаларингиз қандай бўлган”, дея савол берди.

Соҳибқироннинг сунъий интеллект орқали берилган жавобига кўра Европа мамлакатлари билан алоқаларни йўлга қўйганини тасдиқлади. Бу ҳақда ҳужжатлар ҳам сақлангани айтилди. Лекин айнан Сербиянинг ўша даврдаги ҳукмдори билан алоқалари ҳақидаги маълумотларни қайта ўрганиш зарурати мавжудлиги билдирилди. Ўзбекистон ва Сербия мутахассисларида ҳам қандайдир ҳужжатлар, маълумотлар сақланган бўлиши мумкинлиги маълум қилинди.

Дарҳақиқат, бу ўша даврни қайтадан тадқиқ қилиш, ўрганиш учун яна бир туртки бўлди.

Умуман олганда, Сербия Президенти ва рафиқаси Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши ҳамда мазмун ва моҳиятидан жуда катта таассуротларга эга бўлди.

Марказга ташриф давомида Президент Александр Вучич бу ердаги музей, кўргазма заллари, архив, ахборот технологиялари маркази, қўлёзмалар бўлими, хаттотлик ва ислом меросини сақлашга қаратилган инфратузилмалар билан танишди.

Шунингдек, марказ ҳудудида ташкил этилган Ислом академияси, ахборот-ресурс маркази, конференция зали ва бошқа иншоотлар ўзига хос меъморий услубда бунёд этилгани билан меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Замонавий шаҳарсозлик шароитида бундай меъморий ёдгорликларнинг аҳамияти, Марказнинг мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

ЎзА мухбири

 Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.

Рустам НАЗАРМАТОВ олган суратлар