Асрий орзуларнинг ёрқин тантанаси

58

Мамлакатимизда миллий қадриятларимиз, ота-боболаримиздан мерос анъаналарга берилаётган алоҳида эътибор натижасида нафақат маданият ва санъат йўналишида, балки жисмоний тарбия ва спорт, халқ ўйинлари тизимида миллий бойликларимизни асраб-авайлаш, уларнинг халқаро ривожига янгича руҳият бағишлаш йўлида тизимли ишлар амалга оширилди.

Қисқа фурсатда халқимизнинг ҳунармандчилик анъаналари, миллий ўйинлари ўз жозибасини жаҳон майдонларида янада ёрқинроқ намойиш этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Бундан 10-15 йиллар муқаддам миллий спортимиз курашнинг Осиё ўйинлари таркибига киритилиши масаласи орзу эди, холос.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилдан миллий спортимиз курашни халқаро майдонда янада ривожлантириш, нуфузли комплекс спорт ўйинлари тизимига киритиш борасида қабул қилган бир қатор қарорлари ва кўрсатмалари асосида кураш Осиё ўйинлари, “Осиё болалари”, Ислом бирдамлиги ўйинлари тизимига киритилдики, бу, асрий орзуларимиз ҳақиқатга айланаётганининг ёрқин ифодаси бўлмоқда.

Жорий йилнинг 6–21 ноябрь кунлари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Ислом давлатларининг энг йирик спорт форуми — VI Ислом бирдамлиги ўйинлари бўлиб ўтади.

Мазкур ўйинлар тизимига кураш спорт тури биринчи бор кўргазмали мусобақа сифатида киритилгани тарихий воқелик.

Айтиш лозим, 50 дан зиёд давлатнинг вакиллари қатнашадиган Ислом бирдалиги ўйинларининг кураш мусобақаларида эркаклар –66, -81 килограммда, аёллар -57 ва -70 кило оғирликда мусобақалашади.

Нуфузли спорт ўйинларида кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Ризамат Солиев етакчилигидаги 4 нафар спортчимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Курашчиларимиздан Руслан Бўриев, Умид Эсанов, Фотима Қодирова ва Шоҳиста Назарова Ислом бирдамлиги ўйинларида курашнинг жозибасини намойиш этади.

Эслатиб ўтамиз, Ислом бирдамлиги ўйинларининг кураш мусобақалари эртага, 6 ноябрь куни ўтказилади. Ўйинларнинг расмий очилиш маросими эса 7 ноябрь куни ташкил этилади.

Т.Рўзиев, ЎзА