Франция ўзбек фотосуратчиси нигоҳида

87

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Нукус шаҳрида тарихда илк бор Франция маданияти ойлиги ўтказилмоқда.

27 октябрь санасидан бошланган ушбу ойлик доирасида Франция, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни акс эттирувчи кўплаб маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Шундай маданий тадбирлардан бири Жўллибой Изентаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ўтказилди. Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу кўргазма «Франция ўзбек фотосуратчиси нигоҳида» деб номланиб, унда тошкентлик ёш фотограф Бобур Алимходжаевнинг Францияга бўлган сафари давомида олган фотосуратлари намойиш этилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Расул Зарикеев, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Уалид Фук сўнгги йилларда мамлакатимизда Франция ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик ривожланиб келаётганини таъкидлаб, маданий тадбирларни кўтаринки руҳда ўтказишга ёрдам берган барча ташкилотлар ва фаол фуқароларга ўзларининг миннатдорчилигини билдирди.

– Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистон билан ҳамкорлик ривожланяпти, – деди Франция элчиси Уалид Фук. – Биз Қорақалпоғистонда ҳам француз тилини ўқитиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Чунки француз тили нафақат Францияга, балки бутун дунёга кенг йўл очади. Бугун ер юзининг кўплаб мамлакатларидаги халқлар француз тилида сўзлашиб, ўзаро мулоқот қилади. Ўйлайманки, бугунги фотокўргазмада сизлар Франциянинг ғоят бой табиати, тарихи, маданий масканлари ва одамларининг ажойиб ҳаёти билан яқиндан танишиб, бизнинг мамлакатимиз бўйича кенг тасаввурларга эга бўласиз. Ушбу кўргазмани ташкил этишга кўмак берган Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати раҳбариятига, ўзбекистонлик фотограф Бобур Алимходжаевга катта раҳмат айтаман.

Тадбирда тошкентлик ёш фотограф Бобур Алимходжаев сўзга чиқиб, Франция бўйича олинган фотосуратларнинг тарихи ва уларни суратга олиш жараёнлари ҳақида кўргазма иштирокчиларига сўзлаб берди.

Шундан сўнг фотокўргазма очилиб, унда санъат усталари, ёш фотограф ва рассомлар Бобур Алимходжаев яратган ижодий ишлар билан яқиндан танишиб, уларнинг яратилиш тарихи бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олди.

Ўтказилган тадбир давомида Бобур Алимходжаев қорақалпоғистонлик ёш фотографлар ва Ж.Изентаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчилари учун мастер-класс ўтказиб, улар билан ўзининг иш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Франция маданияти ойлиги кунлари И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида иммерсив санъат фестивали билан давом этмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.

М. Ҳабибуллаевнинг олган суратлари