“UniSat 3.0” дастури натижалари эълон қилинди (+Видео)
Бугун Ўзбекистонда юзлаб қизлар фан ва технологиялар оламига шаҳдам қириб келмоқда.
ЮНИСЕФ, Tech4Impact нодавлат ташкилоти ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган UniSat дастури уларга орзуларини амалда синаб кўриш, илмий тажриба ўтказиш ва сунъий йўлдош учириш имконини бермоқда.
2021 йилдан буён мингдан ортиқ қизлар STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) соҳаларида билим олиб, ўз қобилиятини намоён этди. Бу йилги дастур ҳам илҳомланарли лойиҳалар ва тарихий ютуқлар билан ёдда қолди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасида “UniSat 3.0” лойиҳасини амалга оширди. Мазкур дастурда 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган 845 нафар қиз иштирок этди. Улар ўзлари ясаган наносунъий йўлдошларни стратосферагача учиришга муваффақ бўлди.
Пойтахтимизда лойиҳа натижаларини эълон қилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда ёш муҳандис қизлар ўз қўллари билан ясаган наносунъий йўлдошлар билан иштирок этишди.
ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилган ушбу лойиҳа доирасида иштирокчилар уч ой давомида назарий ва амалий билимларга эга бўлди. Ўқиш жараёнида тўплаган тажрибалари асосида улар тайёрлаган сунъий йўлдош моделларини Қорақалпоғистон Республикасида фазога учиришди.
Бу йил қизлар иккита 3U CubeSat наносунъий йўлдошларини стратосферага учиришди. Шуниси эътиборга лойиқки, UniSat дастури тарихида илк бор сунъий йўлдошлар 27 километр баландликкача кўтарилди. Биологик хилма-хиллик бўйича мутахассислар билан ҳамкорликда қизлар биологик тажрибалар ўтказиб, ҳарорат, босим ва нурланишнинг биологик ўзгаришларга таъсирини кузатди.
Тадбир давомида UniSat дастурининг илк битирувчилари муваффақиятлари ҳақида ҳикоя қилинди. Шунингдек, ўзбекистонлик қизлар учун STEM соҳасидаги карьера имкониятларини кенгайтириш бўйича тақдимотлар ўтказилди. Маросим сўнгида барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА
Н.Абдувоитов (видео), У.Тўхтаев (монтаж)