Миср парламенти вакили Ўзбекистондаги ислоҳотларни алоҳида эътироф этди

58

Шу йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида бўлди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Катта Миср музейининг очилиш маросимида иштирок этди. Унда 120 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар делегациялари қатнашди.

Маросимда иштирокчилар томонидан Катта Миср музейининг очилиши мамлакатнинг маданий ва тарихий меросини асраш ва дунё ҳамжамиятига тақдим этишда янги босқични англатиши таъкидланди. Шунингдек, қадимги Мисрда цивилизация ўзининг илк ҳарфларини ёзгани, Катта Миср музейининг очилиши халқлар ўртасидаги тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат ғоялари мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

Тадбир доирасида мамлакатимиз делегациясининг Миср Араб Республикаси Парламенти Вакиллар палатаси Спикери Ҳанафи Али Ал-Габали билан учрашуви бўлиб ўтди.

Миср Спикери шу йил 5–9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясидаги иштироки ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинганлигини самимият билан эслади.

Ҳанафи Али Ал-Габали Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида эътироф этди ҳамда улар парламентлараро ва халқаро миқёсдаги ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишини билдирди.

Учрашув давомида икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва парламентлараро мулоқотни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилинди.

М.Комилова, ЎзА