Олий таълимда ЮНЕСКО билан ҳамкорлик
Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг “Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция”ни Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинишига бағишланган махсус тақдимот бўлиб ўтди.
Айни кунларда қадимий кентда давом этаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида ташкил этилган тадбирда ташкилот раҳбарияти ва хорижлик делегацияларнинг таълим соҳаси вакиллари, юртимиз олий таълим тизими масъуллари ва олий ўқув юртлари ректорлари қатнашди.
Тақдимотда ЮНЕСКО Бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Жаннини, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, ЮНЕСКОнинг Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция бюроси раиси Стиг Арне Скжервен ва бошқалар мазкур конвенциянинг олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дипломлар ва малакаларни ўзаро тан олиш жараёнларини соддалаштиришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.
– Давлатимиз олий таълим соҳаси бўйича ҳам ЮНЕСКО билан фаол ҳамкорлик қилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов. – Бугунги кунда юртимиздаги олий ўқув юртларида 8 та ЮНЕСКО кафедраси, мазкур ташкилот билан уйғунлашган 24 та мактаб фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида 2024 йилда “Ипак йўли бўйлаб барқарор тарихий туризм” ЮНЕСКО кафедраси очилди. Тошкент ва Фарғонага шаҳарлари ЮНЕСКОнинг глобал таълим шаҳарлари тармоғига кирган. Айни пайтда Самарқанд ва Нукус шаҳарларини ҳам мазкур тармоққа қўшиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ташкилот билан ҳамкорликда 9,6 миллион евро қийматидаги ишга жойлаштириш кўникмаларини ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида биттадан техникум қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича жиҳозланди. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида техникумлар педагогларини малакасини ошириш бўйича марказлар ташкил этилмоқда. Давлатимизнинг “Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция”ни ратификация қилиши Ўзбекистоннинг халқаро таълим ҳамжамиятидаги фаол иштирокини намоён этиб, миллий дипломлар ва илмий даражаларнинг жаҳон миқёсида тан олиниши йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда юртимиз таълим соҳаси вакиллари ва халқаро экспертлар мазкур ҳужжатнинг Ўзбекистон миллий таълим тизимига татбиқ этилиши, халқаро таълим маконида мамлакатимиз нуфузини янада оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари