Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти: амалиёт ва уни қўллашдаги долзарб масалалар

97

Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича ҳамда тергов судьялари, ички ишлар ва прокуратура органлари вакиллари, суриштирув ва дастлабки тергов ходимлари, шунингдек адвокатлар иштирокида видеоконференцалоқа воситасида семинар-машғулоти ўтказилди.

Мазкур тадбир Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари А. Адилов раҳбарлигида бўлиб ўтди.

Семинар давомида суд-тергов фаолияти билан боғлиқ қатор долзарб масалалар, хусусан, жиноят ишларида айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг қўлланилиши масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Семинар иштирокчилари диққат-эътибори Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг “Судлар томонидан айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг қўлланилиши билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига қаратилди.

А. Адилов ўз сўзида айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти миллий жиноят қонунчилигида амалга оширилган муҳим ислоҳотлардан бири эканини таъкидлади. Ушбу институт Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18-февралдаги ЎРҚ–675-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни асосида жорий этилган бўлиб, у билан Жиноят-процессуал кодекси 62-1-боб билан тўлдирилган.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг жорий этилиши жиноят ишларини тез ва самарали ҳал этиш, жабрланувчи ҳамда фуқаровий даъвогарнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, етказилган зарарни қоплаш, шунингдек айбига иқрор ва пушаймон бўлган шахсларни қонунан рағбатлантириш имконини беради.

Бундай ёндашув суд-ҳуқуқ амалиётида инсон манфаатини устувор қўйиш, “Инсон қадри — олий қадрият” тамойилини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, институтнинг амалдаги қўлланилишида айрим муаммолар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

Семинарда институтнинг амалий фаолиятда етарли даражада самара бермаётгани қайд этилди. Шу боисдан унинг тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, жиноят ишларини кўришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди.



Кун тартибидаги асосий масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси суди судьялари маърузалар қилиб, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг ҳуқуқий ва амалий жиҳатларини ёритдилар. Улар амалда учраётган муаммолар ва уларнинг самарали ечимларини муҳокама этдилар.

Семинар сўнгида иштирокчилар ўртасида фаол фикр алмашуви ва савол-жавоблар бўлиб ўтди. Амалий мисоллар асосида ўтган муҳокамалар институтни қўллашдаги мавжуд масалаларни чуқур таҳлил қилиш ва келгусида унинг тўғри қўлланилишини таъминлаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишга замин яратди.

Мазкур семинар айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтини амалий фаолиятга тўғри татбиқ этиш, судьялар, терговчилар ва адвокатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда жиноят ишлари бўйича одил судловни таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги