Туман тараққиёти-тадбиркорлар қўлида

82

Жорий йил октябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги депутатлар ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман ва шаҳарларида тадбиркорлар, фермерлар ва аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Мазкур ташрифлардан кўзланган асосий мақсад — иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқишдир.

Шу доирада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова ва партия аъзоларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Мўйноқ туманида фаолият юритаётган “Mo‘ynoq mineral tuzi” ва “Mo‘ynoq Agro tekstil” масъулияти чекланган жамиятлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Депутатлар корхона раҳбарлари, ишчилар ва маҳаллий тадбиркорлар билан очиқ мулоқот олиб бориб, уларнинг фаолиятида учраётган муаммолари, таклиф ва ташаббусларини эшитдилар.

Учрашувлар давомида ишлаб чиқариш соҳасидаги асосий масалалардан бири сифатида транспорт ва логистика инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмагани таъкидланди. Айниқса, узоқ ҳудудларга маҳсулотларни етказиб беришда йўл сифатининг пастлиги ва мавсумий муаммолар сабабли харажатлар ошиши корхоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Депутатлар бу борада маҳаллий йўлларни таъмирлаш ва саноат зоналаригача логистика инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқиш таклифини билдирдилар.

“Mo‘ynoq mineral tuzi” корхонасида 2 миллион 71 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция асосида ишлаб чиқариш қуввати кенгайтирилиб, юқори навли “экстра” туз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ҳозирда корхона ҳар ой 2800–3000 тонна маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Бунинг натижасида 150 дан зиёд маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган. Маҳсулотлар нафақат мамлакатимиз бозорига, балки Грузия, Афғонистон ва Қозоғистон каби давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Корхона раҳбари таъкидлаганидек, ЎзЛиДеП депутатлари билан очиқ мулоқот тадбиркорлар учун муҳим аҳамият касб этади, чунки уларнинг фикр ва таклифлари асосида амалий ечимлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, фракция вакиллари 2023 йил декабрь ойида ишга тушган “Mo‘ynoq Agro tekstil” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишдилар. Мазкур корхонада 50 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган бўлиб, асосан эркаклар учун махсус иш кийимлари ва формалар тикилади. Тайёр маҳсулотлар Тошкент шаҳрига етказилиб, тендер асосида ички бозорга тарқатилади. Корхона раҳбари Каримулла Файзуллаевнинг таъкидлашича, корхона фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Мулоқотлар давомида ишчилар томонидан электр энергияси таъминотидаги узилишлар ва иш жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Депутатлар бу масалаларни тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ўрганиб, барқарор энергия таъминотини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўриш ниятида эканликларини маълум қилдилар. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан солиқ мажбуриятларини енгиллаштириш, ҳисобот юритиш ва тўлов жараёнларини соддалаштириш, шунингдек ишлаб чиқариш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.

Ўтказилган учрашувлар натижалари асосида фракция томонидан иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш, кичик саноат зоналарини кенгайтириш, агробизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Зеро ЎзЛиДеП партиясининг асосий вазифаси — тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни жойида ўрганиш ва ечим топишдир.

                                                                   Қорақалпоғистон ахборот агентлиги