Ҳайдовчиларга кам аҳамиятли ҳуқуқбузарлик учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилади

Сенат ялпи мажлисида ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш масаласига эътибор қаратилди.
Сенат қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов кўрилаётган чоралар натижасида жорий йилнинг 8 ойи давомида республикамиздаги умумий йўл-транспорт ҳодисалари 2,4 фоизга камайганини таъкидлади. Тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 1,5 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 5,6 фоизга, пиёдалар иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони эса 1,6 фоизга камайган.

Шу билан бирга, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларимизда маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этишга нисбатан иммунитетни шакллантириш, уларни қонунга итоаткор этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар кутилган натижани бермаяпти.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокамаси жараёнида хорижий давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жаримадан ташқари “оғзаки огоҳлантириш” ва “огоҳлантириш” жазоси борлиги қайд этилди. Бунда, биринчи марта кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларни жаримага тортиш ўрнига, содир этган қилмишининг ижтимоий оқибатларини тушунтирган ҳолда огоҳлантириш амалиётда бундай қилмишлар содир этилишининг олдини олишда юқори натижа бериши кузатилган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилиши билан боғлиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 241-модда тўлдирилиб, маъмурий жазо сифатида маъмурий огоҳлантириш чораси киритилмоқда.
Мазкур кодекс янги 171-модда билан тўлдирилиб, фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган қоидабузарликларнинг тури аниқ белгиланмоқда.
Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун автомобиллардан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратади. Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, аҳолининг давлат органларига нисбатан ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
А.Мамадаминов (сурат), ЎзА