Пиротехника буюмлари хавфлилик даражасига қараб синфларга бўлинади

Пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласи бўйича 2022 йилда 2 минг нафарга яқин, 2023 йилда 1 минг 342 нафар шахс жавобгарликка тортилган бўлса, 2024 йилда ҳуқуқбузарликлар 2 бараварга кўпайиб, 2 минг 891 нафар шахсга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилган.
Мазкур рақамлар пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш зарурлигини кўрсатиб турибди. Пиротехника буюмларининг муомаласига оид чекловларни қонун даражасига олиб чиқиш зарурати юзага келган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов пиротехника буюмларини ноқонуний реализация қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатларининг кўпайиши фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибига салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этди. Бу ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқишига таҳдидлар туғдирмоқда.
Масъул вазирлик ва идоралар томонидан аниқ мақсадли тадбирлар ўтказилишига қарамасдан, республика ҳудудига пиротехника воситаларини четдан ноқонуний олиб кириш ҳолатларини тўлиқ қамраб олишнинг имкони бўлмаётгани қайд этилди.
Қонун билан пиротехника буюмлари тушунчаси очиб берилмоқда. Пиротехник таркибнинг ёниши (портлаши) ёрдамида оптик, акустик, электр ва бошқа визуал эффектларни ҳосил қилиш учун мўлжалланган қурилмалар пиротехника буюмлари синфига кириши, ушбу буюмларнинг хавфлилик даражаси I – V синфларга бўлинмоқда.
Бундан ташқари, пиротехника буюмларининг эркин ва чекланган муомаласи белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, хавфлиликнинг I синфига кирувчи пиротехника воситалари, яъни бенгал маёқчалари, стол фонтанлари каби хавфли ҳудуд радиуси 0,5 метрдан ошмайдиган пиротехника буюмлари эркин муомалада бўлиши аниқ қайд этилмоқда. Мазкур синфга кирувчи пиротехника буюмларини ишлаб чиқариш, уларни сақлаш, фойдаланиш ва бошқа турдаги ҳаракатлар учун ҳеч қандай тақиқ бўлмайди.

Фуқаролар ва жамоат хавфсизлигига юқори хавф манбаи ҳисобланиши сабабли хавфлиликнинг II синфига кирувчи пиротехника воситаларининг, яъни петардалар, очиқ майдонларда фойдаланишга мўлжалланган пиротехник фонтанлар каби хавфли ҳудуд радиуси 5 метргача бўлган пиротехника буюмларининг муомаласи фуқаролар ва юридик шахслар учун тўлиқ тақиқланмоқда.
Хавфлиликнинг II – V синфларига кирувчи пиротехника буюмларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариш, тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ташиш, жўнатиш, ўтказиш, сотиб олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Бироқ, давлат иштирокидаги мудофаа саноати корхоналари томонидан ушбу буюмларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва ўтказишга рухсат берилади.

Хавфлиликнинг III – V синфларига кирувчи пиротехника буюмларидан мушакбозлик ташкил этилиши белгиланган оммавий тадбирлар ўтказишда, хавфлиликнинг II – V синфларига кирувчи пиротехника буюмларидан саноат ва ҳарбий мақсадларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш мумкин бўлади.
Пиротехника буюмларининг муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия, ички ишлар ва божхона органлари томонидан амалга оширилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда пиротехника буюмларидан ноқонуний фойдаланганлик учун белгиланган маъмурий жазо чораси кучайтирилмоқда.
Жумладан, ушбу турдаги қонунбузарлик учун амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдордаги жарима жазоси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача оширилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун мамлакатимизга пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасида самарали давлат назоратини ўрнатиш, улар ноқонуний айланишининг олдини олиш, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА