Финляндия Президентининг мамлакатимизга ташрифи якунланди

Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифини якунлади ва ўз юртига жўнаб кетди. Олий мартабали меҳмонни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Ташриф дастуридан олий даражадаги музокаралар, шунингдек, учрашув, давра суҳбати ва мамлакатимиздаги қатор турли ташкилотлар фаолияти билан танишув жой олди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.


Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги, экология, кимё, энергетика, рақамлаштириш, тоғ-кон саноати ва бошқа инновацион тармоқларда кооперацияни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Меҳнат миграцияси, маданият, таълим тизимига илғор технологияларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.


Бу ташриф нафақат ҳамкорликни, балки дўстлик руҳини ҳам мустаҳкамлади. Александр Стуббнинг таъбири билан айтганда, “Ўзбекистон – замонавий ислоҳотлар орқали келажакка ишонч билан илгарилаётган юрт.”
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА