Ўзбекистон – Финляндия: дўстлик ва ҳурматга асосланган муносабатларнинг янги даври

97

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқа 1992 йил 26 февралда ўрнатилган.

Президент Шавкат Мирзиёев фаол ташқи сиёсат ва ислоҳотлар йўлини эълон қилгач, Ўзбекистон – Финляндия ҳамкорлиги янгича суръат олди. Илгари вақти-вақти билан амал қилган мулоқот механизми жадаллашди. 2018 йил томонлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияни қайта тиклашга келишди. Бу қадам мулоқотни жонлантириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини излашга туртки берди.

Финляндия Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ташаббусларини ҳам фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда, бу ўзаро ишончнинг юқори даражасини акс эттиради.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги иқтисодий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Ҳозир мамлакатимизда машинасозлик, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, телекоммуникация, тоза технологиялар ва агросаноат соҳаларида фаолият юритувчи Финляндия капитали иштирокидаги ўндан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда.

Кўксарой қароргоҳида 31 октябрь куни Финляндия Республикаси Президенти Александр Стуббни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Қароргоҳ олдидаги майдонда икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, шоҳсупага таклиф этди.

Ўзбекистон ва Финляндия давлат мадҳиялари янгради. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар.

Шундан сўнг  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар.

Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада мустаҳкамлаш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.

Турли даражалардаги сиёсий мулоқот ва алмашинувлар жадал ривожланиб бораётгани, бизнесга оид шериклик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро савдо ҳажми изчил ортиб, иқтисодий ва ишбилармонлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Мамлакатимизда Финляндия билан ҳамкорликда Халқаро Нордик университети муваффақиятли фаолият юритмоқда, мактаб таълими соҳасидаги дастурлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон – Финляндия бизнес форумининг якунида умумий қиймати 1 миллиард евродан зиёд истиқболли қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилди.

Музокараларда товар айирбошлашни каррасига ошириш, шу жумладан, ўзаро маҳсулот етказиб беришни рағбатлантириш учун Савдони молиялаштириш қўшма жамғармасини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиш учун сертификатлаш лабораторияларини очиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Геология ва муҳим материаллар, энергетика, агросаноат, рақамлаштириш, сунъий интеллект, экология, туризм ва бошқа муҳим тармоқларда кооперацияни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилди.

2026 йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш юзасидан келишувларга эришилди. Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Таълим, тиббиёт ҳамда меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Келгуси йилда биринчи Ректорлар ва инновациялар форумини ўтказиш режалаштирилган.

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб Қўшма баёнотни имзоладилар.

Етакчилар ҳузурида турли йўналишларда, шу жумладан:

­– савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш;

– фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасидаги ҳамкорлик;

– геология фанлари, геологик қидирув, фойдали қазилмалар ва ер ости сувларини излаш ҳамда кончилик соҳаларидаги ҳамкорлик;

– рақамли трансформация, инновациялар ва рақамли ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга кўмаклашиш;

– ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлик;

– мактабгача ва мактаб таълими тизимига рақамли таълим платформасини жорий этиш бўйича ҳамкорлик;

– таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик;

– рақамлаштириш ва сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги фан-таълим салоҳиятини ошириш;

– иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги ҳамкорликка оид икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – Финляндия саммити якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Стубб Фахрий меҳмонлар хиёбонида биргаликда дарахт экдилар.

Маросим Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга интилишнинг, икки мамлакат ва халқ ўртасидаги дўстлик ҳамда ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётганининг рамзи бўлди.

Шу куни Финляндия Республикаси Президенти “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Олий мартабали меҳмон мамлакатимиз ўтмиши ва келажакка ишонч тимсоли бўлган ҳамда улуғ аждодларимизнинг ёрқин сиймосини жаҳонга намойиш этувчи мазкур монумент мазмун моҳиятини юқори баҳолади.

Александр Стуббнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий Осиё ва Шимол мамлакатлари: янги ҳамкорлик истиқболи” мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди. Унда Президент Александр Стубб ҳам иштирок этди.

Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон – Финляндия бизнес-форумида ҳам қатнашди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари