Талабалар спорти: Ўзбекистон тажрибаси эътироф этилди

Россия Федерацияси ташаббуси билан Москва шаҳрида ўтказилаётган “Буря” халқаро талабалар форумида Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида спорт клублари фаолияти тизимли йўлга қўйилгани эътироф этилди.
Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Исроил, Ўзбекистон ва Россия давлатларининг университетлар спорт федерациялари раҳбарлари иштирокида ўтаётган форумда спорт клублари фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси раиси ўринбосари Эркин Қодиров анжуман давомида йиғилганларга мамлакатимиз олий таълим муассасаларида спорт клублари фаолияти тизимли йўлга қўйилгани, турли оммавий мусобақалар, хусусан спорт турлари бўйича “Ректор кубоги”, “Талабалар лигаси”, “Беш ташаббус олимпиадаси” сингари комплекс мусобақалар тизимли ўтказиб келинаётгани хусусида тўхталди.

Ўзбекистонда талабалар ҳаракати янгича йўналишда ривожланаётгани Россия Федерацияси ҳамда бошқа мамлакатлар спорт федерациялари томонидан эътироф этилиб, ушбу тажрибани халқаро майдонда татбиқ этиш борасида таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев, ЎзА