Сенат ялпи мажлиси: қандай масалалар кўриб чиқилади?
Бугун, 2025 йил 31 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис кун тартибига жамият ҳаёти ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг долзарб масалаларига оид қатор қонунлар киритилган.
Хусусан, “Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”, “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга доир қонун кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш, валюта ва қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солиш, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини такомиллаштириш, ижро ишини юритиш тартибини соддалаштириш ҳамда аграр ва экология соҳаларидаги қонунчиликни янада ривожлантиришга қаратилган қонунлар ҳам муҳокама қилинади.
Сенаторлар томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизимларини яхшилашга оид қонунлар кўриб чиқилади.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисига мамлакатда оила институтини мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кун тартибидан ўрин олган.
Н.Абдураимова,
А.Мамадаминов (сурат), ЎзА