Вазифаларни тизимли амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди

Элликқалъа туманидаги «Оқшакўлчи Рейимберген» фермер хўжалигида Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги ПҚ-465-сонли қарорида белгиланган вазифаларни бажаришга қаратилган амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошлиғи Р.Шербаев, соҳага ихтисослашган мутахассислар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинар давомида туманда мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, дала четлари ҳисобидан қўшимча майдонларни ўзлаштириш, коллектор-дренаж тармоқлари атрофларидан самарали фойдаланиш, экспортга йўналтирилган экин турларини етиштириш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган агротехник тадбирлар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, томорқалардан оқилона фойдаланиш, аҳолининг ўзини ўзи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни кучайтириш, бўш майдонлардан қўшимча маҳсулот олиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда иштирокчиларга амалий тавсиялар берилиб, қарорда кўзда тутилган вазифаларни туманда босқичма-босқич ва тизимли амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги