Тарбия – таълимдан устун
Бугун инсонлар фурсат тулпорини қамчилаб яшашмоқда. Оқим эса шиддатли. Атрофга назар солсангиз, хотиржам кишини топиш қийин. Бунинг оқибатида эса баъзи муҳим омиллар эътиборсиз қолаётгандек.
Ҳар ким бола-чақа, рўзғор деб елиб югуради. Бироқ, ҳамма ҳам фарзандлар таълим-тарбиясига алоҳида аҳамият бермоқдами?
Бу оғриқли савол. Негаки, боланинг ҳаётга нисбатан илк қарашлари айнан оилада шаклланади. Зеро, доно халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», деган макол бежиз айтилмаган.
Таассуфки, бугунги кунда фарзанд келажагига фақат устозларгина масъул деган қарашни илгари сураётган ота-оналар ҳам учрамоқда. Ваҳоланки, ҳаттоки давлатимиз раҳбари ҳам боланинг тарбияси, илм олиши учун аввало ота-она жавобгар, дея таъкидламоқда.
—Ҳар бир муваффақиятга эришган инсоннинг ортида биринчи навбатда унинг ота-онаси туради. Аслида тарбия таълимдан устун. У эса оилада шаклланади. Ўқитувчининг асосий вазифаси билим беришдан иборат. Агар ўқувчида илм олишга муҳаббат ва тарбия шаклланмаган бўлса, дарс тугаганини билдирувчи қўнғироқ чалиниши билан бола дарсни ҳам, умуман, ҳамма нарсани унутиб, асл ҳолига қайтади. Албатта, ўқитувчига ҳам кўп нарса боғлиқ. У ўз соҳасининг чин маънода эгаси бўлмоғи лозим. Савияли мутахассисгина савияли дарс ташкил қила олади. Лекин устоз таълим-тарбия берса-ю, бола ололмаса, бунда ўқитувчи айбдор деб ўйламайман, — дейди Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Баҳрилло Бердиев.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда таълимга бўлган эътибор тобора кучайиб бормоқда. Ёш авлод ватанимиз келажагининг муносиб бунёдкорлари сифатида вояга етишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунда эса ўқитувчилар муҳим ўрин тутмоғи табиий.
Шунинг учун ҳам, уларнинг жамиятдаги мавқеи оширилмоқда. Бироқ юқорида таъкидлаганимиздек, аввало бундай ислоҳотлар аҳамиятини ота-оналар яхши англамоғи лозим. Шундагина юртбошимиз илгари сураётган юксак ташаббуслар ўзининг амалий натижасини беради.
Шербек Исломов, ЎзА