Ўзликни англаш йўлида йўқолаётган психология

100

Психология – инсоният тафаккурининг энг чуқур қатламларига кириб борувчи, инсон онги, ҳиссиёти, хулқ-атвори сирларини ўрганишга қаратилган муҳим соҳа ҳисобланади. Бу соҳа нафақат шахсни англаш, балки жамиятдаги ўзаро муносабатлар ва руҳий мувозанатни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсонни англамай туриб, жамиятни тушуниб бўлмайди. Шу боис, психология инсонни ва инсониятни англашга йўналтирилган энг нозик ва масъулиятли илмий йўналишлардан биридир.

Бугунги кунда психолог касбига бўлган оммавий қарашлар бироз соддалашиб кетганини инкор этиб бўлмайди. Ижтимоий тармоқларда “психолог” номи остида фаолият юритаётган кўплаб шахслар ўзини “руҳшунос” деб эълон қилган бўлса-да, амалда бу соҳанинг илмий асосларини чуқур англамаган ҳолда, юзаки мотивацион шиорлар ва ҳиссиётга йўғрилган “тезкор маслаҳатлар” билан чекланиб қолмоқда.

“Ички менни топинг”, “Ўзингизни севинг”, “Ҳеч ким учун ўзгарманг” каби иборалар аслида психологик ёндашувнинг бир қисми бўлиши мумкин, аммо бу иборалар илмий асосда таҳлил қилинмаса, улар инсонни руҳий мувозанатга эмас, балки ўзини оқлаш ва бошқаларни айблаш ҳолатига олиб келиши мумкин. Натижада, жамиятда психология ҳақидаги тасаввур соддалашиб, бу касбнинг ҳақиқий қадри пасаяди.

Аслида чинакам психолог инсон руҳиятининг “шифокори”, ҳиссий ҳолатларнинг таҳлилчиси ва шахслар орасида эмпатия асосида мулоқот қура олишни шакллантирувчи мутахассис. У шунчаки маслаҳат берувчи эмас, балки шахснинг ички дунёсини англаб, у билан бирга ечим топувчи ҳамроҳдир.

Психология – бу “тез бойиш” ёки “оммавий танилиш” воситаси эмас, балки инсон ҳаётининг энг нозик томонларига жавобгар илмий йўналиш. Ҳар бир психологнинг масъулияти шундаки, у ўз сўзлари орқали инсон ҳаётига таъсир ўтказади. Бир нотўғри талқин ёки юзаки “мотивация” инсоннинг руҳий дунёсида из қолдириши, баъзида эса унинг қарорларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Сўнгги йилларда психология соҳаси тижоратлашув йўлига кириб, кўплаб “тезкор курслар”, “сертификатли тренинглар” ва “онлайн психолог” хизматлари кўпайиб кетди. Бу жараён бир томондан психологик билимларнинг оммалашувига хизмат қилса-да, иккинчи томондан унинг илмий чуқурлигини йўқотмоқда.

Бугун айрим шахслар психологияни даромад манбаи сифатида кўриб, инсон руҳиятини ўрганиш эмас, балки сотувни оширишни мақсад қилмоқда. Бундай ҳолат эса нафақат мутахассислик обрўсини, балки жамиятнинг бу соҳага бўлган ишончини ҳам емирмоқда.

Бунда фақат сохта психологларни айблаш ҳам тўғри эмас. Ҳар бир инсоннинг танлов маданияти, ўз муаммосига онгли ёндашуви ҳам муҳим роль ўйнайди. Психологик ёрдамга мурожаат қилаётган шахс аввало мутахассиснинг малакаси, таълими ва тажрибасига эътибор бериши, сўзнинг жозибасига эмас, далил ва амалий натижага таяниши лозим. Чунки инсон ўз ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишда шошқалоқлик ёки эмоционал қарорларга берилса, бу янги руҳий зиддиятларни келтириб чиқаради. Психолог билан ишлаш жараёни, бу ички ўзгариш ва ўзини англаш мактабидир. У бир кечада эмас, изчил мулоқот, ишонч ва таҳлил орқали рўй беради.

Бугунги глобаллашув даврида инсон руҳияти тобора мураккаблашиб бормоқда. Стресс, ахборот босими, ижтимоий солиштириш ва рақамли муҳитда яшаш каби омиллар инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатмоқда. Шу боис психология фанига эҳтиёж ҳеч қачон бугунгидек юқори бўлмаган. Аммо бу эҳтиёжни тўғри йўналтириш, уни юзаки “мотивацион” шиорлардан ажратиш жамиятнинг умумий маданий ва интеллектуал масъулиятидир. Ҳақиқий психологлар эса ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, инсон руҳиятига эҳтиёткорлик билан ёндашувчи, эмпатия, таҳлил ва инсонпарварлик тимсолига айланишлари лозим.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА