Табиий газ таъминотини икки босқичли тизимга ўтказиш давом этмоқда

Аҳолининг табиий газдан самарали фойдаланиши учун истеъмолчиларга қулай шароитлар яратиш мамлакатимизда белгилаб олинган вазифаларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда соҳада янги автоматлаштирилган тизим жорий этилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда.
Айни пайтда табиий газ таъминотида жорий этилган янги тизимга асосан тўлиқ «ақлли» ҳисоблагич ўрнатилган ҳудудларда газ таъминоти икки босқичли жараёнга ўтказилмоқда. Бунда газ тақсимлаш қурилмалари олиниб, уларнинг вазифасини замонавий ҳисобдонлардаги маромлаш қурилмалари бажармоқда. Хусусан, Хўжайли туманида жорий йилда 1 минг 800 дан ортиқ хонадонга маромлаш қурилмалари ўрнатиш белгиланган бўлса, шундан шу кунгача 1 минг 400 та хонадоннинг газ тақсимлаш қурилмаси демонтаж қилиниб, маҳаллаларнинг газ таъминоти тўлиқ икки босқичли тизимга ўтказилган.

– Мутахассисларимиз куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан бир қаторда газ таъминотини модернизация қилиш, хўжаликларни икки босқичли тизимга ўтказиш ишларини ҳам олиб бормоқда, – дейди «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси Р.Ғаррибоев. – Жорий йилда республика бўйича 25 минг 573 та хонадонни икки босқичли тизимга ўтказиш режалаштирилган. Режада белгилаб олинган бу ишлар тўлиқ якунланса газ таъминотидаги технологик йўқотишларнинг олди олинади.
Тумандаги замонавий ҳисобдонлар ўрнатиб бўлинган маҳаллаларда газ тақсимлаш пунктларини демонтаж қилиш ва газ таъминотини икки босқичли тизимга ўтказиш давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги