Ички ишлар органлари — халқ осойишталигининг таянчи

73

Бугун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Ички ишлар органлари ходимлари куни» муносабати билан байрам тантанаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, соҳа фидойилари ва фахрийларини бугунги байрам муносабати билан табриклади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, соҳани инсонпарвар ва халқчил тизимга айлантириш, очиқлик ва шаффофлик муҳитини кучайтириш, бу йўлда фидокорона меҳнат қилаётган соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш масалаларига давлат даражасида эътибор қаратилмоқда.

Соҳа ходимлари ўз вазифасини мукаммал бажариш йўлида, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини сақлаш, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш каби кўплаб йўналишлар бўйича эзгулик йўлидан бормоқда.

Ўтказилган байрам тантанасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори билан тақдирланган соҳа вакилларига фахрий унвонлар топширилди.

Шунингдек, масъулиятли вазифаларни бажариб келаётган бир қатор соҳа вакиллари ва фахрийлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори асосида кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буйруғига асосан, бир гуруҳ ходимлар кўкрак нишони, муддатидан олдин махсус унвонлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрам тантанаси санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Б.Валиев ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги