Мақсад тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш

Жорий йилнинг 19 август куни давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармонга мувофиқ, Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Қайд этилганидек, бу соҳада сўнгги йилларда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва назорат қилувчи органларнинг масъулиятини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Мазкур фармонда тадбиркорликни изчил ривожлантиришга қаратилган имкониятлар, тизимда бугунги кунда учраётган муаммолар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони, Қорақалпоғистон Республикаси шуъбаси бош инспектори Ерназар Досанов маълумот берди.
– Жумладан, 2026-2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, зарур молиявий ва инфратузилмавий шароитларни яратиш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилиши, 2026 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида уларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш учун харажатлар, товар айланмаси, экспорт операциялари каби давлат органлари ва хусусий сектор вакилларининг маълумотлар базаларида мавжуд маълумотлар орқали муқобил скоринг қилиш тизими жорий қилиниши назарда тутилган.
Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда қулайликлар яратиш ва туризмни ривожлантириш мақсадида ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун устав капиталида давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ва ундиришга 2027 йил 1 январга қадар мораторий эълон қилинди ва мораторий даврида муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳолатлари бартараф этилганда қўлланилган жарималар бекор қилинади.
Туризмни ривожлантириш дастури жорий этилиб, унга мувофиқ 2026 йилдан бошлаб жойлаштириш воситаларини ташкил қилиш учун камида 5 минг гектар ер участкалари электрон онлайн аукционга чиқарилади. 2026 — 2028 йилларда тижорат банклари томонидан барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача кредитлар ажратилади. Ҳар йили сайёҳларнинг энг кўп эътиборини қозонган ва нуфузли халқаро платформаларда ижобий эътироф этилган жойлаштириш воситаларини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларига тенг танлов ўтказилади. Кредитларни ажратишда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан кафиллик тақдим этиш, фоизларни қоплаб бериш механизмлари жорий қилинади.
Солиқ тўловчиларни рағбатлантириш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтган тадбиркорлик субъектлари бир йил давомида фойда солиғини тўлашдан озод қилинади. Бир йил давомида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлланилмайди. Бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташланади.
Солиқ мажбуриятларини бажаришнинг проактив тартиби жорий этилади. Масалан, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботларини шакллантириш вазифаси солиқ органларига ўтказилади ва ушбу мажбурият солиқ тўловчилар учун бекор қилинади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудити натижалари бўйича молиявий санкцияларни 6 ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкцияларга ҳам татбиқ этилади. 2025 йил 1 август ҳолатига “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” тизими орқали солиқ текширувларига номзод сифатида шаклланган 20 мингдан ортиқ субъектга солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатларини ихтиёрий бартараф этиш имконияти берилган ҳолда, ушбу рўйхат 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига қайтадан шакллантирилади. Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий ҳисобланиб, мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Шу билан бирга, мазкур фармонга мувофиқ Олий суд Бизнес-омбудсман билан биргаликда тадбиркорлик субъектларига иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш имкониятини яратиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш вазифаси юклатилган.
Иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш қоидаларининг жорий қилиниши судлар томонидан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишларни биринчи инстанция судларида кўриб чиқишда, низоларини минтақага боғламасдан ягона электрон ахборот тизимида тақсимлаш, даъвогар ёки жавобгар жойлашган ҳудуддан келиб чиқиб судловга тегишлиликни белгилаш амалиётини қайта кўриб имкониятларини яратади. Таъкидлаш керакки, тадбиркорликка янада кенгроқ эркинлик ва шарт-шароит яратиш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, назорат қилувчи органларнинг назорат функцияларини амалга оширишда маъсулиятини ошириш соҳасида қонун ҳужжатлари такомиллаштирилаётган бўлсада, ўрганишлар айрим идоралар фаолиятида бу борада ҳали ҳанузгача камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йилнинг 9 ойи давомида назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида 10 минг 302 та текширув ўтказилиб, 2024 йилнинг шу даврига солиштирганда текширувлар 2 минг 484 га кўпайган. Текширишларнинг 6 минг 654 таси (64,5 фоиз) солиқ органлари, 1 минг 436 таси (13,9 фоиз) фавқулодда вазиятлар бошқармаси, 993 таси (9,6 фоиз) Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда 1 минг 219 таси (12 фоизи) бошқа назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилган. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан жорий йил 1 октябрь ҳолатида жами 51 нафар назорат қилувчи орган маъсул ходимига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги