ЮНЕСКО Бош конференциясининг навбатдаги сессиясини ўтказиш бизга қандай фойда беради?

Шу каби баъзи саволларнинг жавоби ўзи билан бўлади.
Ушбу нуфузли тадбир туфайли Самарқандда чет эллик меҳмонлар сони кескин ошди. Юртимиз ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлган инсонлар кўпайиши ҳам катта натижа аслида.
Шу кунларда меҳмонхоналарда бўш жойлар кам қолди. Шаҳарда ҳаракат янада жонланди. Бу эса табиий ҳол. Муҳими, Самарқанд яна дунё диққат марказида турибди.
Шундай катта анжуманни ўтказиш осон эмас. Бу фақат ташкилий синов эмас, балки мамлакат имкониятларининг амалий ифодаси саналади. Шу сабабли, жараённинг аҳамиятини халқона тарзда изоҳлашга ҳаракат қиламиз.
Дунёдаги 190 дан ортиқ давлат вакиллари ҳар икки йилда бир марта ЮНЕСКО Бош конференцияси доирасида йиғилади. Бу таълим, фан ва маданият масалалари юзасидан олиб бориладиган энг йирик халқаро мулоқотлардан биридир.
Бу йилги сессия илк бор сўнгги 40 йил ичида Париждан ташқарида – Самарқандда ўтмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва маданий салоҳиятига билдирилган юксак ишонч, бутун Марказий Осиё учун эса тарихий воқеадир.
ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле учун бу сессия раҳбар сифатидаги сўнггиси бўлса, унинг ўрнини яқинда сайланган мисрлик мутахассис Холид Ал-Ананий эгаллайди. Демак, Самарқанд халқаро ташкилот тарихидаги муҳим бурилиш нуқтасига айланмоқда.
Конференциянинг Самарқандда ўтказилиши шаҳарнинг жаҳон маданияти ва цивилизацияси маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, халқаро форумлар учун яратилган инфратузилма, логистика ва сервис соҳалари ҳам ўз самарадорлигини яна бир бор исботламоқда.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилиши фақат маданий ёки сиёсий воқеа эмас. Унинг иқтисодий таъсири ҳам сезиларли. Делегатлар, журналистлар ва турли соҳа мутахассисларининг келиши туризм соҳасига янги туртки беради. Сўзимиз бошида таъкидлаганимиздек,Самарқанд бренди янада кучайди. У халқаро анжуманлар учун доимий майдон сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.
Бундай тадбирлар мамлакат ҳақидаги ишончли муҳит образини кучайтиради. Бу эса тўғридан-тўғри инвестициялар учун психологик замин яратади. ЮНЕСКО орқали таълим, илм-фан ва инновация йўналишларида янги халқаро лойиҳаларга маблағ жалб этиш имкониятлари кенгаяди.
Бу тадбирнинг энг муҳим жиҳати моддият эмас. Ҳар бир делегат, ҳар бир маъруза, ҳар бир маданий дастур инсон тафаккури ва маънавиятини бойитишга хизмат қилади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси