Қўшма Штатларда товушдан тез учувчи самолёт синаб кўрилди

91

“Lockheed Martin” компанияси тарқатган матбуот хабарномасида НАСА билан ҳамкорликда яратилган Х-59 русумли товушдан тез учадиган самолётнинг илк синов парвози муваффақиятли якунлангани эълон қилинган.

Таъкидланишича, мазкур учоқ Калифорниянинг Палмдейл шаҳридаги 42-ҳаво кучлари базаси ҳудудидаги “Skunk Works”  заводидан Эдвардс шаҳридаги НАСАга қарашли Армстронг тадқиқот маркази яқинида жойлашган қўниш жойига учиб ўтган.

– Х-59 режага мувофиқ аниқ ишлади, белгиланган манзилга хавфсиз қўнишдан олдин парвоз хусусияти ва аэродинамика кўрсаткичини тасдиқлади, – дейилган компания ахборотида.

Товушдан тез учиш технологиясини намойиш этиши кўзланган мазкур самолёт товуш зарбини юмшатиб беради. Бундай технология жорий этилиши йўловчи ва юкни ҳозирги ҳаво лайнерларига қараганда икки баробар тез ташишга қодир янги авлод қурилмасини яратиш сари йўл очади.

Келгуси ойларда “Lockheed Martin” НАСА билан бирга биринчи  ҳақиқий парвозни амалга оширишни режалаштирган. Шу вақт ичида самолёт имкон даражасидаги энг юқори тезлик ва баландликка эришиши кутиляпти.

С.Раҳимов, ЎзА