Қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш масалалари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов билан Буюк Британия экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги (UK Export Finance)йирик корпоратив мижозлар ва халқаро йўналиш бўйича директори ҳамда Бизнес гуруҳи ҳамраиси Эдвард Принс билан учрашув бўлиб ўтди.
Қайта ишлаш даражасини ошириш, чиқинди полигонларида тўпланишнинг олдини олиш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириб, айланма иқтисодиёт доирасида «нол чиқинди» тамойилини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган учрашувда пойтахтимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.

Учрашувда қайд этилганидек, Тошкент ва Британия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон ва Буюк Британия раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ҳамда икки томонлама алоқаларни, айниқса, барқарор ривожланиш, яшил иқтисодиёт ва замонавий технологиялар соҳаларида мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилиши асосида амалга оширилмоқда.
Учрашув давомида томонлар қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш ва пойтахтнинг чиқиндиларни утилизация қилиш тизимига экологик технологияларни жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Масъулларнинг таъкидлашича, ушбу мулоқот аҳолини чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар билан тўлиқ таъминлаш, уларнинг сифатини халқаро стандартларга етказиш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида ўтказилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА