Касбга садоқат – инсониятга хизмат: Света Тўреева мисолида

149

Света Тўреева – Қораўзак тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиникасида лор шифокори бўлиб ишлаётган тажрибали мутахассис. Шифокорнинг босиб ўтган умри ва меҳнат йўли бугунги ёш авлодга ибрат бўла олади.

Асли қораўзаклик бўлган Света ўз қизиқишига кўра 1989 йили Астрахан давлат тиббиёт институтига ўқишга киради ва 3-курсида оилавий шароити туфайли, ўқишини Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалига кўчиради. 1996 йилда ушбу олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлаб, Қораўзак туман тиббиёт бирлашмасида педиатр шифокор бўлиб меҳнат фаолиятини бошлаган у, вақт ўтиши билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги билимларини янада чуқурлаштиришга интилади.

Шу боис у кейинчалик Соғлиқни сақлаш вазирлигининг йўлланмаси билан Света Тўреева лор мутахассислиги бўйича Тошкентда 6 ой давомида ўқиб, тиббиётнинг ушбу муҳим соҳасида ўз мутахассислиги ва билимларини мустаҳкамлади. Сўнгра у Қораўзак туманидаги кўп тармоқли поликлиникада лор шифокори сифатида ишга жойлашади ва бу мутахассислик бўйича орттирган билим ва тажрибасини амалиётда қўллай бошлайди.

Света Тўреева нафақат билимли ва тажрибали мутахассис, балки оилавий ҳаётда ҳам намунали инсон. У Қадирбой исмли йигит билан турмуш қуриб, 3 нафар фарзандли бўлади.

«Онага қараб қиз ўсади» деганидек унинг қизи – Гулзийба, онасининг изидан бориб, ҳозирги вақтда Бухоро давлат тиббиёт институтида таҳсил олмоқда. Бу албатта, Света Тўреева учун катта фахр бўлиб, ўзининг билим ва тажрибаларини келажак авлодга етказишда унга янада кўпроқ куч-ғайрат бағишлайди.

– Кун совуши билан болалар орасида томоқ касаллиги билан оғриганлар кўпайиб кетади, – дейди Света Тўреева. – Сўнгги вақтларда тиббиёт соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида, Қораўзак тумани тиббиёт бирлашмасига ҳам кўплаб янги аппарат ва ускуналар олиб келинди. Бу эса тиббиёт ходимларига катта енгиллик бўлиб, аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишимиз учун жуда қулай бўлмоқда. Бунинг учун соҳа раҳбарларига катта раҳмат айтаман.

Фидойи шифокор ва намунали оила бекаси Света Тўреева лор шифокори сифатида соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб вазифаларни бажаришда фаол иштирок этмоқда. Ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг саломатлиги учун курашиш, Света Тўреева учун нафақат иш вазифаси, балки ҳаётий мақсадига айланган. Унинг лор мутахассислигидаги юқори даражадаги кўникмалари ва тажрибаси, ўз касбини севиши Светани янада олдинга интилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.