Миллий санъатимиз келажаги давлатимиз раҳбари эътиборида

Ҳар бир миллатнинг миллий санъати унинг хазинаси ҳисобланади. У кеча ёки бугун эмас, олис тарихдан шаклланиб келади. Шунинг учун ҳам худди байроқ сингари у ҳам ўша халқ рамзи сифатида намоён бўлади. Бизнинг ана шундай миллий санъатимиз бу – мақом.
Жаҳон мусиқасида турли ижро йўллари мавжуд бўлиб, ҳар бири ўз услуби, мураккаблиги билан бир-биридан ажралиб туради. Масалан, Ҳинд рагаси, Озарбайжон муғоми ва ҳоказо. Табиийки, санъаткорлар фақат ўз тилида эмас, бошқа тилларда қўшиқ куйлаш бўйича ҳам ўзларини синаб кўришади. Бунда ўзга миллатнинг бевосита маданияти, қолаверса, миллий санъатининг ижро маҳоратини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
–Бизнинг санъаткорларимиз, айниқса ёшлар, исталган тилда маҳорат билан қўшиқ ижро эта оладилар. Муғом-у рагани, туркча-ю эрончани, ҳаттоки, Европа санъат мактаби асарларини ҳам қойилмақом қилиб ижро этадиган истеъдодли ижрочиларимиз талайгина. Аммо бизнинг мақомимизни ҳеч бир халқ санъаткори маромига етказиб ижро эта олмайди. Бу эса унинг нақадар мураккаб ва жозибадорлигини билдиради, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов.
Шундай бўлса-да, бугунги кунда ёшларимизнинг мақомга бўлган муносабати бироз ўзгаргандек. Албатта, ҳар бир даврнинг ўз қўшиғи, севимли санъаткори бўлади. Бироқ, савия масаласи ҳозирги санъатимизнинг оғриқли нуқтаси десак, янглишмаган бўламиз.
Миллий санъатимиз келажаги давлатимиз раҳбари эътиборида экани кишини қувонтиради. Унинг халқаро миқёсда ҳам мавқеини яна-да ошириш, ёшлар қалбида мақомга бўлган муҳаббатни шакллантириш мақсадида юртбошимиз ташаббуси билан халқаро мақом фестиваллари ўтказиб келинмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, кўплаб истеъдодлар кашф этилиб, устозлар мероси ёш авлодга муносиб тарғиб қилинмоқда.
Шербек Исломов, ЎзА