«Яшил макон» тадбирлари давомида экилган кўчатларнинг ўсиши назоратда

Ўзбекистон Экологик партияси Мўйноқ тумани Кенгаши томонидан тумандаги Орол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида навбатдаги экологик рейд тадбирлари ўтказилди.
Рейд давомида маҳалла ҳудудида олиб борилган ободонлаштириш ишлари, дарахт ва кўчатлар ҳолати ҳамда «Яшил макон» дастури доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар ўрганилди.
Жорий йилнинг баҳор мавсумида ҳудудда 200 тупга яқин манзарали ва мевали кўчатлар экилгани, айни пайтда улар туман Ободонлаштириш бўлими томонидан бириктирилган махсус ходимлар томонидан парваришланаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Кўздан кечириш натижалари бўйича мавжуд ҳолатлар таҳлил қилиниб, зарур тавсиялар берилди.
Қўнғирот туманида ҳам туман партия ташкилоти Кенгаши томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда кўчатларнинг ҳолатини ўрганиш, парваришлаш жараёнларини назорат қилиш ва экологик маданиятни ошириш мақсадида қатор экологик рейдлар ўтказилди.

Рейдлар давомида Жинишке МФЙдаги 43-сонли мактабда жорий йилнинг баҳор мавсумида экилган 375 туп кўчат (25 туп мевали дарахт, 150 дона атиргул, 200 туп тут) нинг ҳолати кўздан кечирилди. Суғориш ва парваришлаш тадбирлари таҳлил қилиниб, камчиликлар бўйича тавсиялар берилди.
Ихтисослаштирилган мактаб-интернатда манзарали дарахтлар ўсиши учун яратилган шароитлар ҳам ўрганилиб, парваришлашни давом эттириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бўстон МФЙдаги 11-боғчада дарахтларни парваришлаш бўйича мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, яшил майдонларни кенгайтириш ва уларни асраш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Жойларда бу борадаги чора-тадбирлар давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги