Брокколи етиштириш – истиқболли бизнес

82

Беруний туманидаги «Бирлик» маҳалла фуқаролар йиғинида томорқадан самарали фойдаланиш учун янги имкониятлар яратилди.

Тажрибали деҳқон Йўлдош Наримбетов ташаббуси билан маҳаллада янги қишлоқ хўжалиги йўналиши – брокколи етиштириш йўлга қўйилди. Ушбу диетик карам бугунги кунда Қорақалпоғистон шароитида ҳам етиштирилиб, тажрибали томорқа эгалари томонидан ички бозорга ва экспортга йўналтирилиши бошланган. Натижада аҳоли даромади ошиб, қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.

Шу маҳаллада яшовчи намунали томорқа эгаси Йўлдош Наримбетов брокколи етиштиришда 2 йиллик тажрибага таяниб, бу борада ўрганган билимлари жорий йил етиштирган ҳосилида ўз самарасини берди. Жорий йилнинг август ойида 1,5 гектар майдонга экилган кўчатлар ҳозирда ўз ҳосилини берди. Ҳар бир карам 500 граммдан 1 килограммгача вазнга эга. 1,5 гектар майдондан жами 15 тонна ҳосил олиш мўлжалланмоқда. Асосийси, бу полиз экинини етиштириш бўйича тажрибани бошқа маҳаллаларда ҳам йўлга қўйиш, анъанавий полиз маҳсулотларини етиштиришга нисбатан сердаромад турларни экиш ва бу борадаги кўникмаларни ошириш аҳолининг янада фаровон турмуш кечиришига, даромадли бўлишига, ердан самарали фойдаланишга асос бўлиб хизмат қилади.

– Карамнинг бир тури бўлган брокколи витаминлар ва фойдали микроэлементларга бой парҳез таом ҳисобланади, – дейди «Дўстлик» ордени соҳиби Йўлдош Наримбетов. – Уни мунтазам равишда истеъмол қилиш иммунитетни мустаҳкамлашга, овқат ҳазм қилиш йўли фаолиятини оптималлаштиришга ва танадан холестеринни йўқотишга ёрдам беради. Брокколи тез ўсадиган полиз маҳсулоти. У экилгандан сўнг 60-80 кун ичида йиғиб олиниши мумкин. Бир гектардан 15-20 тоннагача ҳосил олиш имкони мавжуд. Бу полиз маҳсулоти бозорда юқори талабга эга. Брокколи етиштириш – истиқболли бизнес имкониятидир.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги